08 June 2011
02:47 - Ҳукуматга янги одам келди, лекин бунинг аҳамияти йўқ
Шўро даври бошқарувидан мерос бўлган хотин-қизлар қўмитаси ҳозирги замонавий Ўзбекистоннинг давлат бошқарувида ҳам ўзига хос мавқега эга. Бу қўмита раиси, айни замонда, мамлакат Бош вазирининг ўринбосаридир. Қўмитанинг ўзи эса, расман жамоат ташкилоти, бироқ давлат бюджетидан таъминланади. Унинг раиси Фарида Акбарова ишдан олиниб, унинг ўрнига Элмира Боситхонова дегани тайинланибди. Табиий, бу ўзгаришлар Ислом Карим тарафидан қилинган. Исми-шариф ўзгаришидан бошқа моҳиятга эга бўлмаган бу кадр ўзгариши нима бўлганда ҳам ҳукумат таркибига янги “одам”ни киритди.

Лекин бошқа амалдорлар қисмати Акбаровани ҳам четлаб ўтмаган. У хотин-қизлар, умуман, гендер муаммоси, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш учун халқаро ташкилотлар томонидан ажратилган грант маблағларини ўзлаштирганликда айбланаётган экан. Ҳозирда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги шифохоналардан бирига жойлаштирилган (бемор сифатида эмас, раҳбар сифатида) Акбарова аввал Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаб, Президент Ислом Каримнинг эътиборига тушганди, дейди мухбиримиз.