06 June 2011
12:30 - Абдураҳим Пўлат: Ўзбекларга нима бўлди ўзи? Миллат деб аталишга ҳаққимиз борми?

Қаранг, мамлакат президенти Ислом Карим ҳеч уялмасдан “Янги уй қурмасдан эскисини бузма!” шиори остида иш олиб бораётгани билан мағрурланади. Биронта мард ўзбек чиқиб, “Ислом ака, эскисини бузмасак, янгисини қаерда қурамиз?” деб сўраб қолишидан қўрқмайди. Балки у ўзбекларга нима бўлганини, мендан фарқли ўлароқ, яхши билади, ўзбеклар ўйлаш нималигини ҳам савол бериш нималигини ҳам унутишганига ишонади.

Қаранг, мен пешонасига хоинлик рамзига айланган 53-54 рақамларини ёпиштирган одам, яъни Салой Мадамин, ўзбек миллатининг ўз тарихда биринчи марта ҳуррият истаб уюштирган муҳташам намойишларини ҳеч уялмасдан “кўча чангитиш” деб баҳолади. Мендан бошқа биронта ўзбек “Салой ака, эсингиз жойидами?” деб ҳалигача ундан жавоб талаб қилмади. Балки у ҳам ўзбекларни мендан яхши билади ва ўзбеклар ўйлаш нималигини ҳам жавоб талаб қилиш нималигини ҳам билишмаган  ёки унутишган деб ҳисоблайди.

Энди пастроққа тушайлик. Бугун менга хат ёзган бир одам, у исмини айтмаган, ўзбек жамияти ва мухолифати ичидаги воқеаларни мендан ҳам яхши билишини иддао қилади ва шундай давом этади: “Сиз хоинларни фош қилиш ва жазолаш механизмлари яратилмагунча ўзбек жамиятида ҳеч нарса ўзгармаслигини айтмоқдасиз. Механизм деган нарса 18-19 асрда қолиб кетган, ҳозир 21 аср, энди системалар ишлаб чиқариш, моделлаштириш, сўнгра оптималлаштириш керак... Сиз эса ҳали ҳам механизм деб юрибсиз.”

Бу одам ўз хатида “системалар ишлаб чиқариш, моделлаштириш, сўнгра оптималлаштириш” деган сўзларни ишлатмаганда, бир бечора саводсиз экан-да деб ўйлардим-қўярдим. Аммо, бу сўзлар кўрсатмоқдаки, у одамнинг техника соҳасида камида олий маълумоти бор. Шундай бўлса ҳам, у механизм деганда фақатгина темир-терсакдан қилинган қандайдир жиҳозларни тушунадиганга ўхшайди. Кўз олдингизга келтиринг, мен одамнинг танасига тегизса, унинг хоин ёки хоин эмаслигини кўрсатадиган жиҳоз яратишни таклиф қилаяпманку, у одам менинг устимдан кулмоқда. Аслида, у бечора “механизм” сўзининг кенгроқ маъносни ҳам билмайди.

Яна бир мисол. Яқинда бир ёзувимда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг раиси Толиб Ёқубнинг жамиятни рўйхатга олдирмаслик учун қилган урунишларини, ҳамма талабларимга қармасдан бу масалани АҚШ Давлат Котиби Мадлен Олбрайт билн учрашувда асосий масалага айлантирмаганларини танқид қилдим. Бугун бир сафдошимиздан эшитишимча, у киши мени ёлғончиликда айблаб ўта дарғазаблик билан бир нарса ёзибдилар. Агар ўша гаплар иккаламиз ўртамизда бўлган бўлса, иккаламиз ҳам бир-биримизни ёлғончиликда айблаб юраберишимиз мукин. Бунинг ҳеч фожеа қиладиган жойи йўқ. Хўш, шундай экан Толиб ака нимага жунбушга келдилар?...

Чунки, менинг гапларим ҳақиқат ва улар ҳуқуқ ҳимоячилиги нималигини билган одам учун оддий танқид эмас, шапалоқ билан уруш, Толиб аканинг шармандасини чиқариш эди. Чунки, ҳамма ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлари рўйхатдан ўтишга эришса, бу - ҳуқуқий жамият яратилгани эканлигини, ҳамма қамоқдагилар аллақачон озод этилган бўлишини у киши жуда яхши тушунадилар. Расмий мақомга эга бўлган ташкилотларгина самарали ишлаши мумкинлигини, акс ҳолда йиғи-сиғи даражасидан юқори чиқиб бўлмаслигини биладилар. Қилган ишлари миллат олдида қилинган кўплаб жиноятлардан бири эканлигига ҳозир ақллари етади. Жунбушга келишнинг сабаби шу.

Толиб ака, бошқалардан фарқли ўлароқ, яна бир нарсани биладилар. Адлия вазирлиги тузилган янги ташкилотни Таъсис мажлиси ҳужжатлари асосида рўйхатга олади. Шуни билатуриб, у киши Адлия вазирлигига атайлаб, менинг талабларимга қарамасдан, охирги қурултойнинг ҳужжатларини оборардилар. Ваҳоланки, айнан ўшани расмиятчилик учунгина Таъсис қурултойи деб аташ керак эди, холос. Бундай қилмаганлари сабабли, Адлия вазирлигидан мутлақо ҳақли равишда, рад жавоби олардилар. Булар ҳаммаси, умид қиламанки, вазирликнинг архивларидан ахир бир кун ўртага чиқади.

Толиб акани айнан шу шармандали иши учун аввал Ўзбекистон инрсон ҳуқуқлари жамияти расилигидан олмоқчи бўлганмиз, кейин менинг таклифим билан, янги ташкилот тузиб олға кетаверишга қарор берганмиз. Шундай бўлди ҳам. Бироздан кейин ҳамма Толиб акани ҳам Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятини ҳам унутди. Саҳнага “Эзгулик” чиқди. Ҳозир бутун дунё айнан уни ва унинг раиси Васила Иноятни билади.

 

Дарвоқе, Толиб акани ўзимиздан четлаштиришда асосий ташкилий ишларни уюштирган Исмоил Дадажон ҳақиқатни жуда яхши билади, аммо ҳозир бир хоин ва бир чаласавод қорининг таъсири остида бўлгани учун, ўшалар истаган нарсани гапиради, ҳақиқатни яширади. Ҳозир унинг кераги ҳам йўқ. Ишонаманки, Мадлен Олбрайтнинг ҳамма учрашувлари махсус хизматлар тарафидан тўла ёзиб олинган. Вақти келиб Толиб акамизнинг ёлғони бевосита исботланади.

Дарвоқе, бу ёлғонни исботлашнинг билвосита йўли ҳам бор. Эмишки, мен у кишини қаердадир “Толиб” деб гапириб, ҳурматсизлик қилганман. Агарда ростдан ҳам шундай қилган бўлсам, бировдан қўрқадиган жойим йўқ. Аммо, аниқ биламанки, бундай қилмаганман, на у киши на бошқасига нисбатан бундай шахсий ҳурматсизлик ҳеч қачон кўрсатмаганман ва кўрсатишим ҳам мумкин эмас, чунки, табиатим шундай. Бошқаларни шок терапияси усуллари билан сиёсий маънода қақшатқич танқид қилганимда ҳам сансирашга ўтмаганман. Толиб аканинг бу ердаги ёлғони у кишининг ёлғондан тоймаслигини кўрсатувчи энг яхши мисолдир. Демак, Мадлен Олбрайт воқеасида ҳам ёлғон гапиришлари энг камида мумкинлиги кўриниб турибди.

Хуллас, ўзбекларга нима бўлди, деган савол жуда ҳақли. Мен айтгандек, шок терапияси усулларига асосланган ёриб чиқиш савиясидаги ишлар қилмасак, 1989-90 йиллари жар ёқасида турган Ислом Каримни ичимиздан чиққан хоин ва нопоклар ёрдамида мустаҳкамланиб олишига эришиб, ҳозир қулликда ўтиришга лойиқ бўлиб қолганимизни, бир ҳовуч қирғиз фашистларига ҳам жавоб беролмайдиган даражага тушганимизни қўяберинг, миллат деб аталишга ҳам ҳаққимиз қолмайди.

Мен ва “Бирлик” вазиятни ўзгартириш йўналишда ҳаракатдамиз, албатта ёриб чиқамиз. Аммо, бу осон иш эмас.