25 May 2011
03:43 - “Бирлик” фаоллари Тошкент шаҳар ҳокимлигида бўлишди
Бугун “Бирлик” Партияси Тошкент шаҳар ташкилоти вакиллари пойтахт ҳокимлигининг фуқароларни қабул қилиш бўлимида бўлиб, шу йилнинг 17 майида “Бирлик” Халқ Ҳаракати ташкил топганлигининг 22 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган тадбирлар юзасидан берилган мурожаат тақдири билан қизиқди. Ўзини Соатов деб таништирган ҳокимят вакили “Аризаларингизга қонуний тартибда, қонуний муддатларда жавоб қайтарилади” деган умумий мазмундаги жавоб қайтарди.

Канцелария бўлимининг партия фаоллари мурожаатини қабул қилиб олган бечора ходимаси эса бу қилган иши учун ўз раҳбарларидан танбеҳ эшитганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, ўша мурожаатда 28 май куни “Бирлик” Партиясининг асосчиси бўлган “Бирлик” халқ ҳаракатининг Таъсис Қурултойи ўтказилганига 22 йил тўлиши муносабати билан бир гуруҳ бирликчилар бобокалономиз Амир Темирнинг ҳайкали пойига гул қўйиши, сўнгра Адлия вазирлигига бориб, партиянинг рўйхатга олиниш масаласи бўйича учрашув ўтказиши ва ниҳоят кўча қоидаларини бузмаган ҳолда Қирғизистон элчихонасига бориб, Қирғизистон ҳукуматига ўзбекларга қарши ўтказилаётган адолатсизликни тўхтатиш талаб қилинган баёнотни топшириши режалаштирилгани билдирилган ва бу тадбирларни ўтказиш учун рухсат сўралган эди.