25 May 2011
02:03 - Россия Яқин Шарқда ҳамкорларидан айирилаётганидан хавотирда: Медведев Башар Асадга телефон қилди
Маълумки, Мисрнинг собиқ президенти Ҳусни Муборак ва курсисида охирги кунларини ўтказаётган Ливия диктатори Муаммар Каддафи аввал СССРга, сўнгра Россияга яқинроқ бўлишган. Муборак Ғарб ва Россия ўртасида мувозанатли сиёсат олиб боришга интилган бўлса, Каддафи фақат Россияга суянарди.

Муборак собиққа айланди, унинг ўрнига келадиган одам тамомийла Ғарбнинг одами бўлиши кутилмоқда. Ливия бошига келадиган одамни эса, Ғарб аллақачон тан олиб ҳам бўлди.

Энди йиқитилиш навбати Россиянинг яна бир дўсти - Сурия диктатори Башар Асадга келмоқда. Русларнинг хабарига кўра, бугун Россия президенти Дмитрий Медведев Сурия президенти Башар Асад билан телефонда гаплашиб, гўёки демократик ислоҳотлар ва жамоатчилик билан алоқалар ҳақида гаплашибди. Суриядек давлат билан демократия ҳақида гаплашилганини гапириш қанчалик кулгили эканлигини фақат у ердаги вазиятни қандай эканлигини тушунганлар билишади.

Аслида, дейди мухбиримиз, Медведев у мамлакатдаги ҳамкасбига гўёки демократик реформалар қилаётгандек ишлар қилиб, Ғарбни алдаш йўлларини ўргатган бўлса керак. Жамоатчиликни алдаш бўйича Медведевнинг ўз тажрибаси ҳам етарлича бор. Масалан, у ўзи қўғирчоқ бўлса ҳам, турли трюклар билан ўзини мустақил президент, ҳатто хўжайини Путин билан бахс қилоладиган сиёсатчидек кўрсатиш билан шуғулланиб келади.

Кечагина телефон орқали Ўзбекистон президенти билан ҳам гаплашган Дмитрий Медведев бугун Башар Асадга “демократик ислоҳотлар ўтказмоқдамиз, ҳатто уларни чуқурлаштирмоқдамиз” деб лўттибозлик қилаётган Ислом Каримдан дарс олишни маслаҳат берган бўлса ажаб эмас.

Ислом Карим Афғонистондаги уруш туфайли керак бўлгани учунгина унинг демократик ислоҳотлар ҳақидаги ўйини Ғарб томонидан вақтинча бўлса ҳам қабул қилинмоқда. Бечора Башар Асад ҳозир Ғарбга керак эмас, бунинг устига, Исроилнинг душмани. Шундай экан, уни энди Россия ҳам қутқариб қололмади.