19 May 2011
06:26 - Қозоғистон Афғонистонга ўз қўшинларини юбормоқчи
Марказий Осиё давлатлари ичида биринчи бўлиб, Қозоғистон ўз аскарларини НАТО қўшинлари таркибида Афғонистонда давом этаётган террорга қарши урушда иштирок этишга юбормоқчи. Бу ҳақдаги қонун кеча мамлакат парламентнинг қуйи палатаси тарафидан тасдиқланган. Энди у юқори палатанинг ҳам тасдиғидан ўтиши керак.

Бу қонунга кўра, қозоқларнинг ҳарбий қисми олти ойга Афғонистонга кетади, муддат узайтирилиши мумкинлиги ҳам назарда тутилган. Урушга кетадиган аскарларнинг сони ҳақида маълумот тарқатилмаган.

Reuters агентлигини бу ҳақдаги хабарида аҳолиси 16,4 млн бўлган Қозоғистоннинг президентлик курсисида ўтирган Нурсулон Назарбой ютган сайловлар Ғарб томонидан нодемократик деб тан олингани, мамлакат аҳолининг 70 фоизи мусулмон эканлиги, Қозоғистон шу пайтгача АҚШнинг Афғонистонга кетаётган ҳарбий юкларини ўз ҳудудларидан ўтказишга расман рухсат берганини урғулар экан, қўшни Қирғизистон Бишкекдаги аэропортдан Афғонистон урушини олиб бориш учун АҚШга фойдаланишга берганини ҳам эслатиб ўтишни унутмайди.