02 May 2011
06:10 - Сўкишни академияда ўргатишмайди, истеъдод одамнинг ўзида бўлиши керак
Миллий фольклоримиз, яъни халқ оғзаки ижодининг тилга олинмайдиган жанрларидан бири сўкиш бўлиб, у мамлакатимизнинг катта-кичик раҳбарлари томонидан бойитилаётгани сир эмас. Ҳокиму ҳукамолар, раҳбар-у раҳбарчалар тилидан янграётган бу сўкишларни ёзиб бориш ёки тўла қайд қилишнинг имкони йўқ. Аммо бот-бот қулоққа чалинадиган бу каби “сийлов”ларнинг айримларини айтиб ўтиш фойдадан холи эмас.

Масалан, ўтган куни Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани ҳокими Рустам Саъдуллаев “Гулистон” ММТП раиси Элмурод Жўраевни мажлисда “Қизингни... ” деб сўкди. Одатда “...йбан”, “ж...лаб” деб сўкиб, маҳаллий аҳолининг бошини қотирадиган ҳокимнинг бу сўкиши тушунарлироқ бўлди. Туманга сўнгги бир йил давомида куратор бўлган Сайфиддин Умаров (ҳозирги Жиззах вилояти ҳокими — Ҳаракат) оддийгина қилиб, “Энангни...” деб сўкарди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси ўринбосари Амир Омонов эса адабий тил нормаларига амал қилган ҳолда вилоят бўйича ўтказилган мажлисда йиғилганларни “Онангни...” деб ҳақоратлайди. Вужудидаги қўрқув ғурурни буткул синдирган маҳаллий халқ сўкиш эшитаётганидан хафа эмас, балки сўкишнинг турли шевалардаги шаклларини ўзлаштираётганидан хурсанд.

Бироқ орада ўрта асрларга хос бундай бошқарув усулларини қабул қила олмаганлар ҳам бўлди, дейди мухбиримиз. Қашқадарёда бир муддат вилоят прокурори бўлиб ишлаган Э. Жўраев Амир Омоновнинг бу одатини жазоламоқчи бўлди, ҳатто Бош прокуратурадан рухсат ҳам олди. Лекин сўконғичларнинг бош устози ҳукумат раҳбари Шавкат Мирзиёев бўлгани учун прокурор ниятига ета олмади. Мамлакат бўйлаб ўтказиладиган селектр мажлисларида ҳамма раҳбарларникига “... лом тиқадиган” Бош вазир катта-кичик раҳбарларга маънавий раҳнамо бўлмоқда.

2000 йилларда Қашқадарёда ҳоким бўлиб ишлаган Бахтиёр Ҳамидов вилоятнинг Чироқчи тумани ҳокими Мустафо Темировни “Аячангни... ” деб сўкканди. Маҳаллий шевага ёт бу сўкиш тури ҳокимнинг лақабига айланди. Онда-сонда “Бувингни...” деб турадиган Бахтиёр Ҳамидов барибир тузук эди, ҳозирги ҳоким Нуриддин Зайниев на сўкишни билади, на ишни, дейди қашқадарёликлардан бири.

Хабаримизга баҳона бўлган Нишон тумани ҳокими Рустам Саъдуллаев шахсига қайтсак, унинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши Академиясини битириб қайтганига ҳеч қанча бўлгани йўқ. Муқаддам Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мутасаддиси бўлган бу одам сўкишни Академияда ўрганган, десак хато бўлади. Чунки Академияда сўкишни ўргатишмайди, бу борада Мирзиёевнинг шахсий академияси мавжуд бўлиб, унинг талабалари сони кундан кунга ортмоқда.