30 April 2011
08:18 - Ўзбекистон Қирғизистон билан чегараларини мустаҳкамлаяптими ё қўшинларини чегарадан ўтказишга тайёрланмоқда?
Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик Комитетининг раҳбари Кенешбек Душебаев 27 апрель куни мамлакат парламентида қилган чиқишида Ўзбекистон чегараларни мустаҳкамлаш учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилаётганини гапирди, дейилади қирғизларнинг АКИпресс агентлиги кеча тарқатган хабарда.

Кенешбек Душебаевнинг айтишича, чегарада инженерона тўсиқлар яратилмоқда. Чегара қўшинлари махсус операцияларга тайёрланган қисмлар билан тўлатилмоқда, қўшимча ҳарбий техника, авиация олиб келинмоқда.

Қирғизларнинг хавотирлигини тушуниш мумкин, дейди мухбиримиз. Қирғизистон жанубида ўзбекларни қирғин қилиш авжига чиққанда “Бирлик” Партияси Ўзбекистон ҳарбий қўшинларини у ерга киритишни ва тезлик билан тинчлик ўрнатишни талаб қилувчи баёнот эълон қилганди. Ҳозир ҳамма кўриб турибдики, айнан шу йўл билан у ердаги вазиятни барқарорлаштириш мумкин эди. Бу талаб ҳали ҳам актуаллигини йўқотгани йўқ.

Бу ишни ўз вақтида қилмаган Ўзбекистон раҳбарияти ҳозир миллий хоинликда айбланмоқда. Тарихда қоладиган бундай айбномадан қутилиш учун Ўзбекистон раҳбарияти қирғизистонлик ўзбекларни ҳимоя қилиш устида ишлашга мажбур бўлаётгани аниқ.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги фаолликни шу нуқтаи назардан баҳолаш лозим. Қирғизлар ҳам шуни тушунишга бошлаган бўлса, уларга офарин дейиш керак.

Дарвоқе, яна ўша Кенешбек Душебаевнинг бидиришича, ўтган йили ёзда Қирғизистон жанубида бўлган воқеалардан кейин 300-400 нафар ўзбек ёшлари Афғонистон ва Покистондаги лагерларга ташланган, ҳозир улар у ерда ўқитилмоқда. Агар қирғиз халқининг ўзи ёки Ўзбекистон армияси аҳволни тузатмаса, ўша тайёрланаётган ўзбек ёшларини тўхтатиш қийин бўлишини Кенешбек Душебаев Қирғизистон парламентига тушунтиролдимикан?