05 November 2006
04:00 -
18:00 - Самад Мурод: Умидимиз бор, албаттa бир нарсаларга эришамиз
18:00 - Самад Мурод: Умидимиз бор, албаттa бир нарсаларга эришамиз

"Эрк" демократик партиясининг раиси Самад Мурод кейинги пайтларда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида майдонга чиқа бошлади. Жамоатчилик орасида ушбу эврилиш билан боғлик тури гаплар пайдо бўлмоқда. Самад Мурод сиёсатни тарк этиб, бошқа соҳага ўтиб кетгани ростми, дегaн саволлар туғилмоқда.

Ушбу саволга ва қаршилик сиёсий махбус Ёдгор Турлибеков тақдири билан боғлиқ масалаларга аниқлик киритиш мақсадида мухбиримиз Самад Муродга шахсан мурожаат қилди.

Савол: Самад ака, жамоатчилик сизни шу пайтгача "Эрк" партияси раиси сифатида танирди. Аммо кейинги пайтларда турли Интернет сайтларида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ қатор мақолаларингиз эълон қилинмоқда. Бу соҳа билан жиддий шуғулланмоқчимисиз, яъни Сиз сиёсатни тарк этмоқчимисиз?

Жавоб: Саволнинг иккинчи кисмига жавоб беришдан бошлайман. Сиёсатни тарк этиш ниятим йўқ. Лекин бугун Ўзбекистонда мухолифатдаги сиёсатчи сифатида ишлашнинг деярли иложи қолмади. Нима қиламиз? Бошқалар каби биз ҳам чет элга кетайликми? Мана масала қаерда. Биз кетмасликка қарор қилдик. Шунинг учун авваломбор, тўғрироғи, Ўзбекистон тарихида илгари ҳам бўлгани каби, сиёсий фаолият учун ўзимизга керак бўлган майдонни ҳозирлашимиз лозим. Демак, инсоннинг сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонуний ҳақларимизни қайтариб олиш учун курашиш керак. Ҳозирги босқичда биз шу йўналишга урғу бермоқдамиз халос.

Савол: Сўнгги пайтда Сиз ҳаққингиздаги аксарият хабарлар илгари маълум бўлмаган “Бурч” деб аталган сиёсий ҳуқуқлар ҳимояси жамияти билан боғлаб берилмоқда. Бу қандай жамият бўлди? Инсон ҳуқуқлари масаласи билан шуғулланаётган бир қатор расмий ва норасмий жамиятлар иш олиб бормоқда.Сизлар бу жамиятни аввалгилари етарли эмас деб ҳисоблаганингиз учун туздингизми?

Жавоб: Худди шундай. Мавжуд ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларнинг ҳаммаси, “Эзгуликдан ташкари ҳаммаси десак бўлади, сиёсий ҳуқуқлар масаласига жиддий эътибор бермаяптилар. Аслида, одамларнинг сиёсий ҳуқуқи ҳимоя қилинмаган, одамларга ҳукуматга сиёсий мухолифатчилик қилиш ҳуқуқи берилмаган мамлакатда бошқа ҳақ-ҳуқуқлар ҳам топталаберади. Сиёсий мухолифат пайдо бўлиб, у ҳукуматнинг танобини тортиб қўйгач, ошкоралик пайдл бўлгач, суд ва матбуот ҳукуматдан мустақил бўлади ва улар воситасида инсонлар ўз ҳуқуқларини қонуний йўл билан ҳимоя қилоладилар.

Демоқчиманки, сиёсий ҳақ-ҳуқуқларнинг тикланиши жамиятдаги бошқа жуда кўп муаммоларнинг ечими учун калитдир. Ҳозир ҳуқуқ ҳимоячилари бир қатор одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қила олишди. Аммо, минглаб-ўн митнглаб одамларнинг ҳуқуқлари паймал қилинаётган экан, уларнинг ҳаммасига ёрдам беролмайдилар. Масалани илдизига уриш керак. Менинг фикримча, илдиз бу сиёсий ҳуқуқ масаласидир.

Савол: “Бурч”нинг қашқадарёлик сиёсий маҳбус Ёдгор Турлибеков тақдири билан яқиндан қизиқаётганини биламиз. Бу сизнинг шу соҳадаги биринчи ишингиз бўлса керак.

Жавоб: Мен аслида сал кам ўн йилдан буён ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида ҳам фаолият олиб бормоқдаман. Асосан жабрланувчиларга "жамоатчи қонуний вакил" сифатида тергов ва суд жараёнларида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келаман. Айни кунларда Қашқадарёнинг ўзида Ёдгор Турлибеконинг ишидан ташқари бешта маҳкама жараёнида параллел ишлаяпман.

Савол: Сиз ҳимоя қилаётган жабрланувчилар асосан қайси ижтимоий тоифага мансуб? Кейин, айтингчи, ютиб чиққан пайтларингиз ҳам бўлганми?

Жавоб: Қизиқарли саволлар. Мен ҳимоя қилаётганлар асосан расмий ҳуқуқ мухофазаси органлари ва криминал структуралар билан чатишиб кетган коррупцион бошқарув органларидан жабр кўрган фуқаролардир. Ютиб чиқиш масаласида гапирсам. Агар ютиб чиқиш ҳоллари бўлмасайди, халқ бизга мурожаат қилмай қўйган бўлур эди. Амалда эса менинг уйим норасмий адвокатлар бюросига айланиб бўлган. Афсус, биз бир вақтнинг ўзида мавжуд талабларнинг барчасига жавоб бера олмаймиз. Мана шуларни кўриб туриб, боя айтганимдек, муаммоларнинг илдизи билан шуғулланиш кераклигини тушундик. Яъни сиёсий ҳуқуқларни ҳимоясини асосий мақсадга айлантириш. Шу маънода Ёдгор аканинг иши биз учун алоҳида маъно касб этади.

Савол: Муҳаммад Солих номи билан ҳам танилган Салой Мадаминовнинг хизматидаги кишилар Сиз олиб бораётган ишлар ҳақида жуда чучмал фикрлар билдиришмоқда. Гўё Турлибеков ишини Сизга ишониб бўлмас эмиш. Яна қандайдир ахлатлар ҳақида гап боради...

Жавоб: Бу муносабатнинг тарихи узун. Биз қашқадарёлик зиёлилар “Эрк” партияси тузилмасдан олдин “Эрк” номли жамият қурганмиз ва кейинчалик коллектив равишда “Эрк” партиясига кирганмиз. “Эрк” партияси расман рўйхатлан ўтганда, уни аъзоларининг ярмидан кўпи қашқадарёлик эди. Бу омил ҳам роль ўйнаб, раҳбариятнинг хуш кўрмаслигига қарамасдан, мени 1993 йил октябрь ойида партия Бош котиби этиб сайладилар.

Бир хафта ўтиб, "номаълум кишилар" менга суиқасд уюштиришди. Мен тунда ката йўлдан беш юз метр нарида Чироқчи туманига карашли адирда хушсиз ҳолатда қолиб кеддим. Хорижда яшаётган Солих бу ҳақда "Партия бош котиби Самад Муродни ўласи қилиб калтаклаб, ахлатхонага ташлаб кетишди" деган қисқагина хабар тарқатди. Бу ҳақоратомуз сўзлар билан у азалдан ичида асраб келаётган адоватини ошкор қилиб қўйди ва ўзича менинг обрўйимни ерга урмоқчи бўлди. Шу кунларда янгидан авжига чиқаётган "ахлат титиш компанияси" аслида ўшандан бошланган.

Кимдир қўлидан келганча амалий иш билдан шуғулланади; кимлардир улар қилаётган ишлар ҳақида олди-қочди гапларни тўкиб, шу билан тирикчилик қилади. Солих, шубҳасиз ўзини менинг ашаддий рақибим деб билади ва биз амалга ошираётган барча ишларни ўзига қарши ҳаракат сифатида қабул қилади. Акс ҳолда ҳақ йўлида бошига фожеа тушган сафдошини масхара қилишга уринишни қандай тушуни мумкин?

Мана Турлибеков воқеасини олинг. Бу инсон ҳозир ноҳақ маҳкумликда ўз кулфати билан юзма юз ёлғиз турибди. Шундай бир жабрдийдага ёрдам қўлини узатишнинг нимаси ёмон? Назаримда бундай муносабат ушбу кайфият эгасининг энг жўн одамгарчилик йўриғларидан ҳам чиқиб кетганини билдиради. Биз бу ишга кимларгадир манзур бўлиш таъмасида эмас, балки Ёдгор акага нисбатан эски қадрдонлик ҳурматимиз борлиги, у фидойи ва ҳақгўй бир шахс бўлгани учун баҳоли қудрат киришдик.

Савол: Нима деб уйлайсиз, апеллация маҳкамаси бўлармикин?

Жавоб: Албатта. Мен яқинда Ёдгор акани ёнига унинг расман қонуний вакили сифатида бормоқчиман. Судья бу учрашувга монелик қилишга бирор бир асос тополмади. Бу бизнинг фуқаролик қонуний ҳуқуқимиз. Ё насиб, келгуси ҳафта охиригача учрашсак керак. Унга қўйилган айб анчайин кичик бўлиб, бунинг устига асоссиздир. "Майда калибрдагифирибгар" билан учрашишни таъқиқлаш унга сиёсий мақом бериш билан баробар. Бу ерда судья ўзи қўйган тузоққа ўзи тушиб турибди.