27 April 2011
19:13 - Виктор Юшченконинг “Янги Украина” партияси фойдасиз қурултой ўтказмоқда, ўзбеклар ҳам бундан сабоқ олиши керак
Украинанинг собиқ президенти, зарғалдоқ инқилобининг раҳбарларидан бири Виктор Юшченко лидерлигидаги “Янги Украина” партияси бугун Киевда навбатдаги қурултойини ўтказмоқда. Қурултойга бир мингга яқин делегат етиб келган. Черновицк ва Тернопол вилоятларининг делегатлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Киевга ўтказилмапти.

Ҳозирча қурултойда ўтган йили Украина ва Россия президентлари Виктор Янукович ва Дмитрий Медведев имзолаган Россия флотига 2043 йилгача Севастополда қолишга рухсат берувчи шартномани танқид қилишга асосий уруғу берилмоқда. Виктор Юшченко ҳам шу ҳақда гапирди. Қурултой бу шартномани бекор қилишни талаб қилмоқчи.

Зарғалдоқчилар коалицияси ҳокимиятда бўлган даврда ички низолар билан ўралашиб қолгани учун руспараст Янукович президент бўлиб олгани, мухолифат уз кучини йўқотгани ҳаммага маълум факт.

Айнан шу масала қурултойнинг асосий мавзуси бўлиши, мухолифатни бирлаштиришнинг янги йўллари қидирилиши керак эди, дейди “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат. Унинг фикрича, Россия, Украина, Белорусия ва Озорбайжон каби собиқ Совет жумҳуриятларида демократлар бирлашолмаётганлари учун кетма-кет мағлубиятга учрамоқдалар. Ўзбекистонда ҳам шундай бўлган, бўлмоқда ва бўлади. Бир-биридан фарқи бўлмаган мухолифат ташкилотларини турли коалицияларда бирлаштириш самарасиз эканлигини ҳамма кўриб турибди.

Демак, мухолифатни Ўзбекистонда структураси бор бўлган ягона ташкилот - “Бирлик” Партиясида бирлаштириш, бунга тўсқинлик қилаётган турли-туман лидерчаларни шок терапия усуллари билан сиёсий саҳнадан йўқ қилиш керак. Бу осон иш эмас, тарихда прецеденти бўлмаган иш. Аммо биз ҳеч қачон осон ишларга қўл урмаганмиз. Шуни қилолсакгина Ўзбекистонда демократик ўзгаришлар бошланади. Акс ҳолда диктатура ҳали узоқ давом этади.