18 April 2011
00:00 - Озорбайжон демократик мухолифати тикланишга интилмоқда
Шу йил 2 апрелда Бокунинг марказида рухсатсиз митинг ўтказишга ҳаракат қилган Озорбайжон демократик мухолифатнинг вакиллари, митинг ўтказолмаган бўлсалар ҳам, сўнгги йилларда биричи марта борликларини кўрсатган эдилар. Шундан кейин, бугун, яъни 17 апрелда Бокунинг марказида митинг ўтказишга рухсат сўраб, шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилган мухолифатга, митинг учун шаҳар чеккасидаги майдонлардан бири таклиф қилинганди. Мухолифат эса митингни шаҳар марказида, Каспий бўйидаги Соҳил паркида ўтказишга қарорли эканини билдирди.

Бугун Бокуда шундай митинг ўтказиш учун ҳаракат қилинди. Милиция намойишчиларни шаҳар марказидги майдонларга киритмаган бўлса ҳам, “Янги Мусават” газетасидан олинган расмда кўриниб турганидек, шаҳар кўчаларидаги намойишларга юзлаб одам қатнашди. Полиция улардан 60 га яқин кишини ушлаб кетган, баъзиларга маъмурий жазо берилган.

Озорбайжон мухолифати шу митинглар баҳонасида бирлашиш йўлига ўтадими? Бу саволга жавоб ҳали йўқ. Аммо, аввалги йилларнинг ва СССРдан мустақил бўлган бошқа мамлакатларнинг тажрибаси кўрсатмоқдаки, коалицион бирлашмаларнинг келажаги йўқ. Ҳаммани битта партияга бирлаштириш зарурлигини эса, ҳали ҳамма тушуниб етмади. Демак, ҳамма тушуниб етишини кутиш, ёки "Бирлик" лидери Абдураҳм Пўлат таклиф қилаётгандек, амбициядан бошқа нарсаси бўлмаган лидерчаларни шок терапия усуллари билан сиёсий майдондан йўқ қилиш лозим.