17 April 2011
04:06 - Хуфялар икки йирик фирибгарни овлабди, қўлга тушмагани қанча?
Хавфсизлик хизмати органлари ўзларини ҳукумат амалдорлари сифатида кўрсатиб, бир фуқародан давлат мукофотини олиб бериш эвазига 25 минг АҚШ доллари (қарийб 70 миллион сўм) олаётган Отабек Бердибеков ҳамда унинг шеригини Отчопар буюм бозоридаги дўконлардан бирида пул олаётган вақтда қўлга туширибди. Маҳаллий матбуотда тарқатилган хабарларда таъкидланишича, ўзларини аллақайси вазирлик мулозимлари сифатида таништирган норғул йигитлар давлат рақами ҳукуматга тегишли бўлган Мерседес автомашинасида келишган. Уларга Жиноят Кодексининг бир неча моддалари билан иш қўзғатилибди.

Хабардан чиқариладиган хулоса шуки, давлат мукофотлари, унвонлари мамлакатда аллақачон сотилишга бошлаган, акс ҳолда, фуқаролар мукофот илинжида кимларгадир мурожаат қилишмас эди. Бироқ бу ерда айтилаётган давлат мукофотининг “нархи” жуда баланд.

Масалан, Президентнинг жимдимадор имзоси туширилган гувоҳнома ва “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони Тошкентнинг Янгиобод эски буюмлар бозорида 10 000 сўм (4 АҚШ доллари). Бу ҳақда аввал ҳам хабар қилгандик.