06 April 2011
12:00 - New York Times: Ўзбекистон ҳақиқат хабарчиларининг оғзини бекитолмайди
Бу машҳур газетанинг 4 апрель сонида Human Rights Watch ташкилотининг Ўзбекистондаги офиси раҳбари, тўғрироғи, собиқ раҳбари Стив Свердлов (Steve Swerdlow) қаламига мансуб бўлган “Ўзбекистон ҳақиқат хабарчиларининг оғзини бекитолмайди” номли мақола чоп этилган.

Стив Свердлов ўз ташкилотининг Тошкентдаги офиси 15 йилдан бери мавжудлигини, аммо ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон ҳукумати унинг аккредитация муддатини чўзиб бермагани, ва ниҳоят, офиснинг ўзи ҳам бекитилганини ёзади. Маълум бўлишича, 33 йил аввал тузилган Human Rights Watch ташкилотининг бир мамлакатдаги офисининг ёпилиши биринчи марта юз берган воқеа экан.

Мақоланинг қолган қисмини қисқача мазмуни қуйидагича.

Human Rights Watch ташкилотининг офисини ёпишга жазм қилган Ўзбекистон ҳукумати биронта асосли сабаб ҳам кўрсатмаган, лекин бу ҳукумат инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳақида хабар тарқалишини истамаслиги йиллардан бери маълум эди. У 2008 йилдаёқ офис хизматчиларини Ўзбекистондан ҳайдаб чиқарганди. Бундан кейин Тошкентга келган янги вакил қисқа вақтдан кейин чиқариб юборилди. Свердловнинг ўзига аввал 2 ойлик рухсат берилган, кейин у ҳам ҳайдалган.

Ўзбекистон ҳукуматининг мақсади фақатгина Human Rights Watch ташкилотининг офисини ёпиш эмас, бу ердан инсон ҳуқуқларининг бузилишига оид хабарларнинг тарқалишига умуман йўл бермаслик. Масалан, маҳаллий инсон ҳуқуқлари жамияти “Эзгулик” расман рўйхатга олинганига қарамасдан, доимий тазйиқлар остида фаолият олиб боради.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари доимий босим ва хавф остида ишлашади. Уй ҳибси, калатакланиш, чиқиш визалари ололмаслик, маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка тортилиш ва бундан баттар босимлар оддий воқеалардир.

Ўн уч нафар ҳуқуқ ҳимоячиси, кўплаб сиёсий мухолифлар ва журналистлар қамоқда. Кўпчилигининг соғлиғи яхши эмас, қийноқларга солинишади.

Минглаб одамлар диний фундаментализмда айбланиб, қамалган. Уларнинг кўпчилиги қийноқларга солинмоқда.

Мактаб болалари ҳар йили камида икки ой пахта плантацияларида ишлатилади.

Мустақил адвокатларнинг фаолияти йўлида мислсиз тўсиқлар бор.

Ғарб Афғонистондаги уруш туфайли баъзи масалаларда Ўзбекистоннинг ёрдамига муҳтож. Бу нарса ҳам Ўзбекистон ҳукуматини ҳеч нарсадан қўрқмасдан инсон ҳуқуқларини паймол қилишни давом эттиришга журъатлантирмоқда.

Лекин, дейди мақоласининг сўнгида Стив Свердлов, Тошкентда офис бўлса-бўлмаса, виза берилса-берилмаса, биз Ўзбекистонда инсон ҳақларининг бузилиши бўйича фактларни хабар қилиб тарақатаверамиз. Яқин Шарқда бўлаётган воқеалар кўрсатмоқдаки, инсон ҳақ-ҳуқуқларини паймол қилаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш охир-оқибатда фойдасиз бўлиб чиқмоқда. АҚШ ва ЕИ Ўзбекистонга нисбатан позицияларини қайта-кўриб чиқишлари, ва Ўзбекистон ҳукуматига қилаётган ишларининг бадалини тўлаш вақти келиши ҳақида сигнал беришлари керак.