03 April 2011
03:46 - Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Токиодаги элчихонамизда Нигора Усмонова деганлари йўқ, аммо элчи алкоголик эканлиги аниқ
Ўтган кунги хабарларимизда ўзини Япониядаги дипломатик корпус ваколатхонамиз ходимларидан бири деб таништирган Нигора Усмонованинг Президент Ислом Каримга ёрдам сўраб ёзган хатини кўпчилик ОАВ қатори эълон қилган ва унинг шубҳали эканини таъкидлагандик. Қаровсиз қолгани, оғир шароитдан азият чекаётгани туфайли ўзларини Токиодан олиб кетишни сўраб қилинган мурожаатнинг ҳақиқийлигидан гумон қилгандик.

Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур мактуб юзасидан ўз баёнотини эълон қилиб, унда хатнинг туҳмат экани, бундай исм-шарифли аёл ўз рўйхатларида йўқлигини эътироф этди.

Ҳақиқатан ҳам мактуб сохтами, бундай исми-шариф дипломатик корпусимизда йўқми ёки Ташқи ишлар вазирлиги бу аёлни “рўйхатдан чиқарди”ми, гап бунда эмас. Гап ана шу мактуб орқали узоқ Шарқдаги дипкорпусимиз аҳволи, ундаги вазиятнинг шармандали эканидадир. Аҳвол ҳақиқатда шармандали, чунки, бир неча кун аввал элчимиз Ҳамидулла Кароматовнинг алкоголик касалини даволатиш учун мамлакатимизга ўз ходимларини ташлаб кетворгани тасдиқланди.