22 March 2011
03:41 - Ҳукумат одам санаш билан овора
Ўзбек ҳукумати ўзбекнинг: “Санаса баракаси учади” нақлига тескари иш бошлади. Бугундан бошлаб, маҳалла фуқаролар йиғинлари, давлат ҳокимияти органлари аҳолини рўйхатга олишга бошлади. Эркин сўров тарзида ўтказилаётган тадбир мамлакат аҳолиси миқдори ва бошқа демографик маълумотларни ойдинлаштиришга қаратилган ҳаракат экани айтилмоқда. Мазкур тадқиқот жараёнида мамлакат аҳолисининг танлаб олинган 10 фоизини иштирок этади. Улар рўйхатдан ўтиш жараёнида 12 та саволдан иборат сўровномани тўлдириши лозим.

Ҳукуматнинг ҳар бир ҳаракатидан гумонсираб қолган диндорлар, мухолифатчилар ва ўзгача қарашдаги шахслар шуни ҳам ўзаро ваҳима оҳангида сўзлашмоқда. Гўё, мақсад аҳолини шунчаки рўйхатга олиш эмас, бунинг тагида бошқа мақсад ётибди.

Мазкур жараён ҳақида ёзган маҳаллий оммавий ахборот воситалари тадқиқотда иштирок этадиган шахслардан ҳужжат сўралмаслигига ваъда беришмоқда. Бироқ ҳар нарсага ҳужжат кўрсатишга ўрганиб қолган одамдар бунга ишонмаяпти.

Ўтган йил якунларига кўра, юртдошларимиз сони 28 миллион 233 минг кишидан ошганди. Буни қарангки, ўтган йилги санашда ҳам барака анчагина учган, яъни қарийб 11 миллиондан ортиқ киши меҳнатга лаёқатсиз деб топилган. Ким билади, бу галги саноқда нима бўлади?.