21 March 2011
03:21 - Олмаотада “Марказий Осиё: Янги тарихнинг 20 йили” номли семинар Марказий Осиёсиз ўтказилди, юзаки мавзулар муҳокама қилинди
Қозоғистон президенти қошидаги Қозоғистон Стратегик Тадқиқотлар Институтида ўтказилган бу семинарда, CA-News агентлигига кўра, Қозоғистон ва Россия мутахассисларигина қатнашишган ва асосан Қозоғистон билан боғлиқ мавзуларни муҳокама қилишган. Бу ҳам табиий, чунки, анжуман Қозоғистон-Россия Эксперт Кенгаши томонидан уюштирилган экан. Демак, бу семинарнинг номи “Қозоғистон: Янги тарихнинг 20 йили” деб қўйилса мантиқлироқ бўларди.

Стратегик Тадқиқотлар Институти директори, Қозоғистон-Россия Эксперт Кенгашининг раисдоши Булат Султонов ўз нутқида радикал ислом ташкилотларининг фаоллашиши минтақанинг асосий муаммоларидан бири эканлигини таъкидлар экан, бунинг сабаби сифатида Қозоғистондан бошқа Марказий Осиё мамлакатларида ижтимоий-иқтисодий аҳволнинг ёмонлигини кўрсатибди. У қозоқларнинг кўчманчилик маданияти (цивилизацияси) – номадизмни ўрганишга чақириб, Қозоғистон ривожланишнинг ўзига хос йўлидан кетиши лозимлигини таъкидлабди.

Президент қошидаги Институт раҳбарининг бундай чаласавод фикрлари фақат кулги уйғотади, дейди мухбиримиз. Нефть заҳиралари туфайли ва Нурсултон Назарбойнингш иқтисод соҳасидаги тўғри йўли туфайли, ростдан ҳам, бу мамлакатнинг исжтимоий-иқтисодий аҳволи бу минтақада ҳаммадан яхши. Аммо, ислом радикализмининг бу мамлакатда жиддий ўлчовда ортмаётганининг сабаби бошқадир. Руслар келмагунча асосан кўчманчилик билан ҳаёт кечирган қозоқ, қирғиз ва туркманларда Ислом динининг илдизлари ҳеч қачон чуқур бўлмаган. Уларни шартли равишдагина мусулмон дейиш мумкин. Айнан шу сабабли Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистонда Исломнинг роли, хусусан Ислом экстремизми ортмаётгани табиий ҳолдир.

Яқингача кўчманчи бўлиб яшаган халқларни камситиш керак эмас, аммо бир вақтлар Олжас Сулайман тарафидан сунъий равишда кўтарилган “кўчманчилик маданияти”га катта эътибор бериш ножиддийликдир.

Булат Султоновнинг “Қозоғистон ривожланишнинг ўзига хос йўлидан кетиши лозимлигини таъкидлаши” эса хавфли симптомдир. Агар бу Нурсултон Назабойнинг ҳам фикри бўлса, аҳвол янада жиддийлашади, қозоқлар русларнинг қозоқларни Марказий Осиёдан айришга қаратилган ўйинига ўйнаётганини яна бир марта кўрсатади.