20 March 2011
19:15 - Олмос Атамбаев яна русларнинг оёғини ўпиб келди
Ўрисларнинг расмий ахборот воситаларига кўра, Қирғизистон Бош вазири Олмос Атамбаев яна Москвага келиб-кетган. Табиий, уни яна Россиянинг хўжайини Владимир Путин қабул қилиб, катта ёрдамлар ваъда қилибди. Қирғиз ҳукуматининг раиси эса, ўз мамлакатининг стратегик бойликларини, хусусан, табиий газ манбаларини ишлатишни ўрислар қўлига топширишга тайёрлигини яна бир марта тасдиқлабди.

Эслатиб ўтиш керакки, бу - Олмос Атамбаевниннг ўтган йили апрелда бўлган давлат тўнтаришидан кейин тўрт ёки бешинчи марта Москвага келиб, Владимир Путин билан учрашиши. Хўш, Россиянинг диктатори ўзини демократ деб айтаётган қирғиз раҳбарларига бунчалик эътибор кўрсатишининг сабаби нима?

Биринчидан, янги қирғиз ҳукумати ўрислар тарафидан демократ деб кўрилмаяпти. Иккинчидан, бу ҳукумат Путиннинг қўғирчоғи, холос.

Бу нарсани яхши тушунган Ғарб, биринчи навбатда, америкаликлар, Қирғизистон тўла ўрислар қучоғига ўтиб кетишига йўл бермаслик учун, бошқа қўғирчоқ - Роза Отунбоева билан ўйин олиб бормоқдалар. Бу аёл сўнги йил ичида 2-3 марта Барак Обама билан учрашишга "муваффақ бўлгани", унга Давлат Департаментининг “Жасоратли Аёл” мукофоти берилиши шу ўйиннинг эпизодларидир.

Америкаликлар бу ўйин доирасида демократик принциплардан чекинаётганларидан катта фожеа қилиш керак эмас, дейди мухбиримиз. Манфаатлар баъзида принциплардан юқори қўйилиши дунёда бўлиб турадиган нарса. Бошқа тарафдан, шу йўл билан қирғизларни ўрисларнинг қучоғидан узоқроқ тутишга уриниш – Марказий Осиё халқларининг манфаатлари нуқтаи назаридан ҳам тўғри эканлигини унутмаслик керак.