14 March 2011
13:00 - Абдураҳим Пўлат: Сафдошимизнинг ўлими атрофида ҳам масхарабозлик қилаётганларни қоралайман
10 март куни ўзим танимайдиган Tojiboy Jumaboy (oqqala@gmail.com) исмли кишининг электрон мактубидан бир вақтлар “Бирлик” халқ ҳаракатининг Хоразм вилоят ташкилотининг раиси бўлган Абдулла Юсуповнинг узоқ давом этган касалликдан сўнг 64 ёшида вафот этганини ўргандим. Сафдошимизнинг ўлганини эшитиб, юракдан узилдим. Уни Оллоҳ раҳмат айласин, жони жаннатда бўлсин.

Аммо, бу нохуш воқеа атрофида ҳам масхарабозлик қилаётганларни қораламасдан иложим йўқ. Акс ҳолда, демократик мухолифат ҳам бутунлай масхарабозлар тўдасига айланиб бораверади.

Гап шундаки, Tojiboy Jumaboy юборган мактуб Абдулла Юсуповнинг вафот этгани ҳақидаги некролог-билдириш бўлиб, уни имзолаган 9 кишинининг бошида "Бирлик” Халқ ҳаракати Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлатов, яъни ўзим турардим. Шундай қилиб, бир одамнинг оламдан ўтганини ўзим “имзолаган” некрологдан билдим.

Бунинг устига, имзолаганлар ичида мен сиёсий хунаса деб баҳолаган одамлар ҳам бор. Улар билан бир қоғозга имзо қўйишим мумкин ҳам эмас.

Бундай масхарабозлик қилаётганларни қоралайман, ҳаммани ичимизда кўпайиб бораётган масхарабозлардан узоқроқ туришга чақираман.