11 March 2011
03:15 - Тошкентдаги суд маҳкамасининг навбатдаги масхарабозлиги
Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Yoshlar» телеканалининг икки журналисти 2010 йилнинг 6 декбрь куни бош вазир ўринбосари Абдулла Арипов, ЎзМТРК раиси А.Хаджаев ва «Yoshlar» телеканали директори Х. Нуриддиновларнинг истеъфосини сўраб, Мустақиллик майдонида норозилик пикети ўтказганликлари сабабли 2010 йилнинг 9 декбарь куни ЎзМТРКнинг Кенгайтирилган Ҳайъат йиғилиши қарорига асосан ишдан бўшатилганди. Раҳбариятнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатидан норози бўлган журналистлар 2011 йилнинг 19 декабрь куни ишга тиклаш ва мажбурий прогул кунлари учун ҳақ ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайҳонтоҳур туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат этишганди.

22 февраль куни мазкур даъво аризага биноан илк суд мажлиси ўтказилганлиги ҳақида хабар қилгандик. Иккинчи суд мажлиси бугун, 10 март куни давом эттирилди. Таассуфки, бугун белгиланган муддатда маҳкамага етиб келган даъвогарлар ва уларнинг адвокати Алиқул Бобоқулов, жавобгар томон вакили – ЎзМТРК ҳуқуқшуноси Муҳайё Қалқонова ва кузатувчи – мустақил журналист Васелий Марковнинг иштирокида судга раислик этувчи судья Дилбар Исроилова суд мажлисини очиқ, деб эълон қилиши билан жавобгар томон ЎзМТРК вакили Муҳайё Қалқонова сўз олиб, ўз талаб ва истакларини қуйдагича баён этди:

“Суд бошланишидан олдин мен шуни маълум қилмоқчи эдимки, 22 февраль куни бўлиб ўтган илк суд жараёни тўғридан тўғри шу дақиқанинг ўзидаёқ интернет саҳифаларида “Суд залидан” сарловҳаси орқали эълон қилиниб борди. Мана, қўлимда хдди ўша куни “Ozodlik. оrg” сайтида чиққван суд жараёнининг тафсилоти бор. Мен буни судга тақдим этарканман, демак, суд мажлисида иштирок этаётганлардан кимдир, эҳтимол даъвогарлардир, балки мана бу кузатувчи журналистлар томонидандир ўтган суд жараёни диктафонга ёки мобиль телефонига ёзиб олинган ва у интернет саҳифасида эълон қилинган. Шунинг учун мен суддан барча суд иштирокчиларининг мобиль телефонлари ва диктафонларини йиғиштириб олишингизни, кузатувчи журналистларнинг судда иштирок этиш-этмаслик масаласини ҳал қилишингизни сўрайман” деди.

Мазкур талабномадан келиб чиққан судья Д. Исроилова кузатувчи сифатида судга ташриф буюрган мустақил журналист Васелий Марковга “Сиз ўтган суд мажлисида менга нотўғри гапириб, алдаб, судга беҳурматлик қилган экансиз. Илк суд мажлисида мен суд жараёнини ёзиб олмайман, шунчаки кузатаман, дегандингиз. Интернет саҳифаларида суд жараёнининг тафсилотлари хусусида хабар ёзишингизни ҳам айтмаган эдингиз. Шу сабабли мен ҳозир сиздан зудлик билан суд залини тарк этишингизни талаб қиламан” деди.

Василий Марков “Бу очиқ суд мажлиси бўлганлиги сабабли мен кузатувчи сифатида иштирок этишга ҳақлиман. Шу сабаб суд залини тарк этиш ниятим йўқ. Мабодо мендан суд залини тарк этишни қатъий талаб этаркансиз, бу талабингиз Ўзбекистон Конституцияси, мавжуд қонунларининг қай бир моддасига асосланганлигини изоҳлаб берсангиз” деган жавоб қилди. Ўз навбатида даъвогар М. Эшонқулова ва С. Амоновалар ҳам судда раислик этувчи Д. Исроиловага “Ишга тиклаш юзасидан бўлиб ўтаётган очиқ суд мажлисида мустақил журналистнинг кузатувчи бўлиб иштирок этиши суд ишига қандай зарар келтириши ёхуд салбий таъсир ўтказиши мумкин? Бу талабингизни асослаб беринг? Қолаверса, В. Марков ёзиш учун ёзув қуроли, диктафон, ёки ҳатто блокнот ва ручкаси ҳам йўқ-ку? Шунчаки ўтирибди. Журналистик қуроллари йўқ қўлида” дея мурожаат этишди.

Ўз навбатида сўз олган адвокат Алиқул Бобоқулов “Муҳтарам судья, кузатувчи Василий Марковни очиқ суд мажлисида иштирок этишини таъқиқлаш борасидаги талабингиз Ўзбекистоннинг бирор бир қонунига тўғри келмайди, бу хатти-ҳаракатингиз қонунларимизга зид ва беҳурматлик ҳисобланади. Шу сабаб, бекорчи тортишувларга чек қўйиб, суд мажлисини бошлашингизни талаб қиламан” деди.

Судда раислик этувчи Дилбар Исроилова “Василий Марков, илтимос, суд залини тарк этинг!” деган талабини яна уч бор такрорлади. Судья Д. Исроилованинг бу талабини ноқонуний деб билган даъвогарлар ва адвокат Алиқулов, мустақил журналист Василий Марковлар судьянинг талабини қаноатлантирмади. В. Марков судьянинг буйруғини адо этмагани ва суд залини тарк этмагани сабабли Д. Исроилова суд мажлисини яна бир марта қолдирди. Навбатдаги суд мажлиси 28 мартга белгиланди.