06 March 2011
15:21 - Ливия феълан иккига бўлинди
Мамлакатнинг 30 йиллик диктатори Муаммар Каддафининг мухолифлари Миллий Кенгаш номи остида янги ҳукумат қурдилар ва уни Ливиянинг ягона ваколатли органи деб эълон қилдилар.

Каддафи кучлари билан мухолифат тарафдорларининг уруши давом этмоқда. Турли ҳудудлардаги жангларда бир у тараф бир бу тарафнинг қўли баландлиги кўринмоқда. Бу қонли воқеаларнинг охири нима бўлиши номаълум.

Қизиғи шундаки, Муаммар Каддафи Ливияда ҳеч қандай лавозимни эгалламайди. Мамлакатнинг парламенти ва ҳукумати бор. Каддафи эса, ўзини Биринчисентябрь инқилобининг доҳийси ва раҳбари деб эълон қилган. У доҳий сифатида ҳамма нарсани қўлига олган, мамлакатнинг шу кунларгача бирдан бир хўжайини эди.

У ўзига қарши чиқаётганларни Ал-Қоида қўллаб-қувватлаётганини айтиб ва Ғарб ўзига ёрдам бермаётганидан ҳайронлигини урғулаб, французларнинг Le Journal du Dimanche газетасига интервью берди ва Ғарбни Ўрта Ер денгизи жиҳоди билан қўрқитишга ҳаракат қилди.