27 February 2011
13:19 - Жомбойлик оқсоқол туман прокурорига танбеҳ берди
Сўнгги кунларда Самарқандда қор ёғиб ҳаво кескин совиб кетди. Натижада, ҳамма ерда бўлгани каби, газ тақчиллиги туфайли, кўпчилик уйлар иситилмайди, совуқ. Ҳатто, Жомбой туман ҳокимлиги биносининг мажлислар зали ҳам иситилмайди, шекилли, у ерга кундалик ишларни муҳокама қилиш ва навбатдаги топшириқларни олиш учун йиғилган маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари яхлаб, совқатиб қолишган.

Бундан ва, умуман, қарийб ҳар куни чақириладиган бунақанги мажлислардан тоқатлари тоқ бўлган оқсақоллардан залдаги бири: «Мана, иш талаб қилаяпсизлар, лекин иш қилишга бизга шароит ҳам яратилиши керак-ку. Масалан, менинг ўз лавозимимга сайланганимга ҳали бир ҳафта бўлган бўлса, шундан тўрт кунида мана шу ерга мана шунақанги мажлисларга келиб бир неча соатлаб совуққа қотиб ўтириб кетмоқдаман. Ахир, оёқлар музлаб кетди-ку!» деб юборади. Залда қарсаклар чалинди.

Президиумда ўтирган туман прокурори залдагиларга: «Сизлар ҳаммангиз муттаҳамсизлар, ҳар бирингизнинг устингиздан менинг қўлимда компромат бор, ҳаммангизни қуритаман…», деб дағдаға қила бошлайди. Бу гаплардан жунбўшга келган бояги оқсоқол шартта ўрнидан турадида: «Сиз нима деяпсиз, нима ҳақингиз бор одамларни бундай беҳурмат қилишга? Сиз билган қонунни биз ҳам биламиз. Қўлингиздан келса мана мени қаманг», дейди. Залда қарсаклар чалинади.

Шаштидан қайтмаган прокурор унга қўлини ниқтаб: «Э-э, сен…!», дейди.

Прокурорнинг бу гапи оқсоқолни баттар ғазаблантиради: «Э-элама, мен сенинг хотининг ёки боланг эмасман» дейди. Залда яна гулдурос қарсаклар янгради. Прокурор мулзам бўлиб, ниҳоят жим қолди.

Мажлис тугагач, ҳамма довюрак оқсақолни олқайди. «Бор экансиз-ку!», «Бўлар экан-ку!» деган хитоблар янграйди.

Бу воқеанинг довруғи ҳозир бутун туманга тарқалган. Маърака-йиғинларда албатта шу ҳақда ҳангома бўлади, дейди мухбиримиз.

Бу бир симптом бўлса не ажаб!