22 February 2011
02:28 - Ҳибсдаги ҳуқуқ ҳимоячиси Турсунбек Тўразода Ховос қамоқхонасига ўтказилган
Сирдарё вилояти ИИБ томонидан товламачиликда айбланаётган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Турсунқул Остонақулов (Турсунбек Тўразода) Ўзбекистон ИИВ ЖИЭББнинг Ховосдаги 64/19-вақтинчалик сақлаш изоляторига олиб келинган. Унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилар экан, “Ҳунарманд” уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими ҳуқуқшуноси Карим Бозорбоев воситасида жабрланувчилар шахси, журналистни ҳибсга олиш жарани билан боғлиқ ҳодисага аниқлик киритилди.

Маълум бўлишича, Турсунқул Остонақулов 6 февраль куни Гулистон шаҳрида яшовчи, 1984 йилда туғилган Фурқат Қурбонов исмли фуқародан 200 000 (икки юз минг) сўм олаётганида ҳибс этилган. Дастлабки хабарларимиздаги жабрланувчиларнинг Сирдарё туман ҳокимлиги ва вилоят Санитария эпидимиология станцияси мутасаддилари экани ҳақидаги маълумот янглиш бўлиб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими ва “Мирзачўл Дональд Дук” масъулияти чекланган жамияти ўзаро касаначилик йўналишида зарур маҳсулотлар етказиб бериш ҳақида шартнома тузишган. Мазкур шартнома юзасидан низолашаётган тарафларнинг иши Сирдарё вилоят Хўжалик судида кўрилиши ва ишда Турсунқул Остонакулов жамият вакили, Карим Бозорбоев эса “Ҳунарманд” вакили сифатида иштирок этиши лозим эди. Бироқ белгиланган суд мажлисига у келмаган, маълум бўлишича, у бутунлай бошқа бир иш бўйича, Фурқат Қурбонов исмли кишидан гўёки тамагирлик қилиб, пул олаётган пайтда ҳибсга олинибди.

Карим Бозорбоевнинг фикрича, хизматлари эвазига таъма қиладиган шахс ким бўлишидан қатъий назар тузоққа тушиши эҳтимоли катта бўлади, журналист Остонақулов тақдири ҳам шундай бўлганга ўхшайди. Аммо, бу воқеага оид аниқ фактлар ҳали йўқ.