21 February 2011
00:17 - Араб дунёсидаги оловларнинг учқуни Ўзбекистон устидан сакраб Хитойга ҳам борди
Бугун Хитой пойтахти Пекинда 100 га яқин киши митинг қилиб, демократия, овқат, уй-жой ва адолат талаб қилишди, деб хабар беради Reuters агентлиги. Воқеа гувоҳларининг айтишича, полиция кучлари митингни дарҳол шавқатсизлик билан тарқатиб юборган. Қамалган, яраланган ёки ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ.

Маълум бўлишича, норозилик акциясининг иштирокчилари Хитойнинг турли вилоятларидан келган бўлиб, улар Интернет орқали Пекинда йиғилишга келишишган экан. Демак, кечагина Хитой президенти Ху Цзинь Тао мамлакатда Интернет устидан назоратни кучайтириш ҳақида буйруқ берганда, Интернетда бўлаётган келишувлардан хабари бўлганга ўхшайди.

Интернет шундай самарали воситага айланган бир даврда, ўзбек мухолифатининг юрт ташқарисидаги бирликчилардан бошқа вакиллари, ҳатто, ББС, Озодлик ва Америка Овози радиосининг ўзбек хизматлари бу системани йиғи-сиғи қиладиган мазохизм майдонига айлантириб олганлари ачинарли аҳволдир. Демак, журналистиканинг диктатура остидаги Ўзбекистонда ўлгани эмас, умуман ўзбек журналистикасининг ўлганини, ўзбек журналистлари Ўзбекистонда бўлган ёки бўлаётган воқеалардан хабарсиз, нима қилиш керак деган савол ҳам борлигини билмайдиган одамлардан иборат бўлиб қолганини гапириш керак.