18 February 2011
01:40 - 13 йилга қамалган фуқаро оқланди, прокурор, терговчи ва “жабрланувчи” жавобгарликка тортилди! ( “Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, №8, 14.02.2010)
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 2009 йилнинг 27 июлидаги “Одамлар давлат ҳокимиятидан нега норози?” деб номланган 28-сонли релизида қилмаган жинояти учун судланиб, амнистия туфайли жазодан озод қилинган Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани Давлат солиқ инспекцияси инспектори Акбар Исломовнинг аянчли тақдири, унинг мурожаатларига ҳеч бир идора қулоқ тутмаётгани ҳақида ёзганди. “Эзгулик” жамияти релиз хотимасида: “...Бундай фуқаролар сони геометрик прогрессия шаклида ўсмоқда. Бу - ёмон кўрсаткич. Замонавий идора услубларини даъво қилаётган ҳар қандай ҳукумат бундан хавотирга тушиши, кескин чоралар кўриши керак... Афсуски, бизнинг ҳукуматнинг бу борадаги ҳисоботлари тамоман тескари; матбуотнинг қулоғи кар, кўзи сўқир!” дея таъкидлаган. Шундан сўнг жамиятимизга шикоят қилгани, бир қатор коррупцион доираларнинг ҳаловатини бузгани учун Акбар Исломов яна порахўрлик, ўзгалар шаънига туҳмат қилиш ва ҳужжатларни қаблакилаштиришда айбланиб, 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Ҳолбуки, Акбар Исломов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши Академиясини битирган, малакали мутахассис сифатида ўсиб келаётган раҳбарлардан бири эди. У туман ҳокими, прокурор ва бошқа кўплаб давлат ҳокимияти органлари раҳбарларига тегишли юзлаб гектар ноқонуний ерларни фош қилган, талон-тарожликларни очиб ташлаганди. Шу боисдан ҳам бир марта судланиб, “эси кирмаган” солиқчига сабоқ бериб қўйишмоқчи бўлди. Қисқа муддатда Вафоқул Арзиев деган кимсадан унинг пора олганлиги тўғрисида ариза олиниб, айблов хулосаси тайёрланди, уни Самарқанд вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари Азиз Шамсиқулов тасдиқлади. Ва, суд коррупциянинг манфаатларини қонунлаштиргач, юқорида айтганимиздек, ўтган йилнинг ёзида Акбар Исломов 13 йиллик қамоққа кетди.

Солиқчи, жамиятимиз ва ҳимоячиларнинг ҳуқуқий майдонда олиб борган кураши натижасида фуқаронинг иши юқори инстанция судларида қайта кўрилди. Унга қўйилган айбловлар бирма-бир олиб ташланди, “жабрланувчи” Вафоқул Арзиевнинг туҳмат қилганлиги маълум бўлди ва у жавобгарликка торттирилди. Дастлабки тергов ҳаракатларини олиб борган прокуратра ходими “ғойиб” бўлди, прокурор Шамсиқулов ишдан олинди. Ишда жиноят таркиби бўлмагани сабабли Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисми билан оқланган солиқчи ҳозирда моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан судга ариза берган.

Акбар Исломов моддий ва маънавий зарарни ундириш-ундирмаслигидан қатъий назар унинг ярим йилдан ортиқ қамоқда ўтирган умрини энди тиклаб бўлмайди. Унинг оиласи, қариндош–уруғлари тортган азиятни пул билан қоплаш мумкин эмас. Демак, давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг ҳар бир қабиҳ амали, зулми ва қабоҳати юртдошларимиз қалбида чуқур из қолдирмоқда, улар буни ҳис илиши лозим.