06 February 2011
20:45 - Ҳибсдан озод қилинган Рашод қори Камолов ўзини тўла оқлаши керак
Шу йил 22 январда сайтимизда қирғизларнинг мустақил АКИпресс агентлиги тарафидан тарқатилган хабарни эълон қилгандик. Унда билдирилишича, икки Ўзбекистон фуқаросига Ҳаж сафари қилиш учун Саудия Арабистонига виза олиб беришни ваъда қилиб, ваъдасини бажармаган Қирғизистон фуқароси Рашот Камалов исмли киши 18 январь куни Бишкекда ҳибсга олинганди.

Маълум бўлишича, бу киши Қорасув масжиди имом-хатиби Рашод қори Камолов экан. У Бишкекда 2 ҳафтача тергов остида бўлиб, кейин, тўғрироғи, 3 февралда озод қилинди. Ҳозир у киши ўзи айбсиз деб топилгани учун озод қилинганини урғулар экан, ўзига нисбатан бўхтон қилганларга қарши ҳуқуқий майдонда иш бошламоқчи эмаслигини гапирмоқда.

Мухбирларимиз олган маълумотларга қараганда, Рашод қори Камолов айбсиз деб топилгани учун эмас, айбини исботлаш учун етарлича далиллар бўлмагани учун озод қилинган. Бу эса бутунлай бошқача воқеадир.

Ҳажга боришга рухсат олиш жарёни атрофида “қора ишлар” кўпайиб кетганини ҳозир ҳамма билади. Шундай экан, Рашод қори Камоловга бу қора ишларнинг сояси тушгани шак-шубҳасиз. Демак, у киши имом-хатибликни давом эттирмоқчи бўлса, ўзига туҳмат қилинганини ҳуқуқий йўллар билан исботлаши шарт. Акс ҳолда, соя унинг масжидига бораётганларга ҳам тушади.