04 February 2011
03:20 - “Эзгулик” жамияти инсон ҳуқуқлари борасидаги йиллик ҳисоботини эълон қилди

Бугун Тошкентда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 2010 йилда мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича йиллик ҳисоботини эълон қилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирга БМТ, ЕХҲТ, АҚШнинг Миллий Демократик Институти ваколатхоналари вакиллари, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Чехия, Руминия, Швейцария ва Польша элчихоналари мутасаддилари ташриф буюришди. Жамиятнинг анъанавий йиллик тақдимотини очган жамият раиси Васила Иноятова 2010 йил мамлакатда инсон ҳуқуқлари борасида бирмунча мураккаб йил бўлганини таъкидларкан, ҳисоботдаги ҳар бир факт далиллар, ҳужжатлар ва фуқароларнинг мурожаатларига асосланганини қайд этди.

Хусусан, жамият ва унинг жойлардаги бўлимларига 2010 йил давомида 11187 нафар шахслар мурожаат қилиб, турли даражада ҳуқуқий ёрдамлар олган. Жамият фуқароларнинг манфаатлари юзасидан давлат ҳокимияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига 10432 та хат билан мурожаат қилиб, уларнинг атиги 2700 тасига расмий жавоблар олган. Жамиятнинг 1400 дан ортиқ мурожаатлари оқибатсиз қолдирилиб, давлат ҳокимияти органлари ўртасида ҳалигача “копток” қилиб юрилибди.

Жамият, унинг минтақавий бўлимлари фаоллари устидан 20 га яқин маҳкамалар ўтказилган, фуқаролик, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича кўрилган ишларнинг аксариятида фаолларга нисбатан турли даражада чоралар кўрилган. Жамиятнинг икки фаоли қамоқда, Марказий бошқарув офисидаги ашёлар суд қарори билан мусодара қилинган, ўтган йилнинг май ойида ўғирлаб кетилган жамият компьютер бўйича жиноят иши ёпиб юборилган. Бу йилги ҳисоботнинг нодавлат ташкилотларига нисбатан ҳукумат сиёсати бобида ана шу нарсалар тилга олинади.

 


Жамиятнинг рус ва инглиз тилларидаги йиллик ҳисоботидан салмоқли ўрин эгаллаган қийноқлар масаласидаги фактларда тергов изоляторлари, дастлабки суриштирув ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида зўраки иқрорликлар, қийноқлар кенг ёритилади. Жамият 2010 йилдаги муҳим фактларга тўхталиб, қийноқларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимида оддий ҳолга айланаётганини эътироф этади. Тергов изоляторларида зўрланишгача олиб борилаётган маҳкумалар масаласида қатор фактларни келтириб, бу ҳолга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан бирор изоҳ олинмагани, аксинча, бу фактлар Бош прокуратура, Олий суд ҳамда бошқа идоралар тмонидан яширилаётганига эътибор қаратади.

“Фуқаролар мурожаатлари ҳукуматнинг энг оғриқли муаммоси” деб номланган бобда эса давлат ҳокимяти органларининг бу борада фалаж ҳолга келиб қолгани, иқтидордаги ҳукумат давлатчиликнинг муҳим омили бўлган фуқаровий ҳуқуқларни қондиришга лаёқатли эмаслигини ёрқин мисоллар билан фош этади. Жамият ҳисоботида қизиқ бир ҳол тилга олинади: фуқаро Раҳимхўжа Алимхўжаев қизининг қотилларини жазога тортириш учун 7 йил идорама-идора чопгани ва охир-оқибат “Фуқароларнинг мурожаатлари ҳақида”ги қонун талабларини бузган мамлакат Бош прокурори устидан судга мурожаат қилган. Суд давлат ҳокимиятининг устунларидан бири бўлган Рашитжон Қодиров шахсини суд муҳокамасига қўйиб бўлмаслиги, судда бундай ваколатнинг мавжуд эмаслиги ҳақида жавоб қайтарган.

Мамлакатдаги сўз эркинлиги масаласи “Сўз эркинлиги борасида сўз йўқ” деб номланган бобда қатор мисоллар ҳақиқатан ҳам бу борадаги вазиятнинг ўнглаб бўлмас ҳолатга келганини исботлайди. Хусусан, матбуот эркинлигини кафолатловчи 14 та қонун қабул қилинган мамлакатда матбуотнинг ҳамон жиловлаб турилгани, журналист ва ижодкорларнинг таъқиб қилиниши ҳоллари кузатилади. Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг икки ходимаси жамият офисида дипломатик корпус ваколатхоналари, ОАВ вакиллари учун матбуот конференцияси ўтказиб, тизимдаги эрксизлик, коррупция ва маҳаллийчилик ҳоларини рўй-рост, фактлар билан фош этганини такрорланади. Шунингдек, журналистлар Хайрулла Ҳамидов, Абдумалик Бобоевларга нисбатан олиб борилагн маҳкама сўз эркилгигига қарши маҳкама ўлароқ баҳоланиб, Ўзбекисон ҳукуматининг бу борадаги ҳаракатлари қораланади.

Мамлакатдаги диний эркинликларнинг камситилиши, диндорларнинг қамалиши ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида диндорларга нисбатан айрича муносабат, аниқса, журналист диндорлар Ҳамза Жумаев, Даврон Тожиев ҳамда Ғайрат Михлибоевлар тақдири, қамоқлардан келган 40 га яқин жасадлар масаласи “Диний эркинликлар хавф остида” номли бобда қатор мисоллари билан ёритилади. “Жиҳодчилар”, “Биродарлар”, “Нурчилар” диний радикал оқимлар аъзолари устидан олиб борилган маҳкамаларнинг ёпиқ ўтгани, бу миллий ва халқаро нормаларга зид экани эътироф этилади.

Тақдимот маросимида жамият раиси Васила Иноят ва Марказий бошқарув аъзоси Абдураҳмон Ташанов дипломатлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакилларининг турли саволларига жавоб берди. Жамиятнинг ҳажман камтарона, лекин бирмунча салмоқли ҳисоботи мухтасар хулоса эмаслиги, бошқа мавзуларда ҳам монитронинглар олиб борилаётганини таъкидлашди. Қизиқарли тақдимот учун йиғилганларнинг олқишни олди.