01 February 2011
03:29 - Инсон Ҳуқуқлари Европа Маҳкамасида Гуржистоннинг Россияга қарши даъвоси кўрилмоқда
Страсбургдаги Инсон Ҳуқуқлари Европа Маҳкамасида (ИҲЕМ) 2006 йилда Россияда яшаётган, аммо Россия фуқаролиги бўлмаган гуржиларни оммавий депортация қилиши муносабати билан Гуржистоннинг аризаси бўйича очилган даъвони кўриш бошланди, деб хабар беради Грузия-Online агантлиги. Россия Евроконвенциянинг бир қатор моддаларини бузгани ҳақидаги Гуржистон тарафининг даъво аризаси 2007 йилда берилган экан.

Хабарларимиздан маълумки, ИҲЕМ, масалан, Россияда ушланган ўзбек қочқинларини Ўзбекистонга депортация қилинишини тўхтатиш учун ўта тезлик билан ҳаракат қилади ва кўпинча бу хусусдаги аризаларни ўша куниёқ кўриб чиқади. Аммо, бошқа ишлар йиллаб навбат кутиши, маҳкама жараёни бошлаш учун йиллаб материал йиғилиши мумкин. Гуржиларнинг оммавий равишда депортация қилинишига доир иш шундайлар жумласидандир.

Хабарга кўра, кеча маҳкамада 6 гуржи гувоҳ сифатида сўроқ қилинган. Яна 3 гуржи гувоҳи, кейин Россия тарафининг гувоҳлари, иккала томоннинг экспертлари сўроқ қилинади. Маҳкама жараёни узоқ вақт давом этиши мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2006 йилда Россия гуржиларни депортация қилиш бошлаганда, Ўзбекистон “Бирлик” Партияси собиқ СССР мамлакатларидаги мухолифат ташкилотлари ичида норозилик баёноти эълон қилган ягона ташкилот бўлган эди. “Бирлик” баёнотининг матни ўша пайтда harakat.net ва centrasia.ru сайтларида ҳамда “Ҳаракат” журналида чоп этилган.