28 January 2011
12:30 - Деморатик ислоҳотларни чуқурлаштириш учун махсус қонунлар чиқарилади
Мамлакатимиз Бош прокурори Рашитжон Қодировнинг маҳаллий матбуотига берган интервьюларида таъкидланишича, Президент Ислом Каримнинг демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳақидаги маърузасидан келиб чиқиб 19 та махсус қонун қабул қилинади. Фақат инсон манфаатларига хизмат қилиши таъкидланаётган қонунлар ишга тушгач, мамлакатимиз супер давлатга айланади ва фуқаролар бахтиёрликдан маст бўлади. Мазкур қонунларнинг асосийлари жамоат назорати, экологик назорат, мулкдорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳақидаги ҳуқуқий актлардир.

Афсуски, кўплаб қонунлар қабул қилиниши, лўттибоз прокурор айтганидек, демократик ислоҳотларнинг кўрсатгичи эмас. Биргина мисол, мамлакатда матбуот эркинлигини тартибга солувчи 14 та қонун мавжуд, лекин сўз эркинлигининг қай даражада экани ҳаммага маълум. Аксинча, Францияда ҳар қандай қонун ёки тартиб сўз эркинлигига таҳдид сифатида баҳоланиб, бу борада ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган.

Муҳим бўлгани, бор қонунларнинг ва демократик принципларнинг ҳаётга жорий қилинишидир. Афсуски, бу соҳада ижобий ўзгаришлар бўлишини ҳозирги ҳокимиятдан кутиш қийин. Демак, ислоҳотларни мавжуд ҳокимиятнинг менталитетини ўзгартиришдан бошлаш лозим.