26 January 2011
22:01 - Вилоятларда совет услубидаги йиллик масхарабозликлар бошланди
СССР замонида вилоят марказларида, кейин республикарнинг пойтахтида, сўнгра Москвада ҳар йилнинг бошида ўтган йил натижалари бўйича хулосалар чиқариш учун “партия-хўжалик активларининг йиғилиши” номли тадбир ўтказиларди. Табиий, ассосан чапайвозлик қилинарди, СССР иқтисоди секин-аста чўкиб бораётганини ҳеч ким кўрмасди, кун сайин яқинлашиб келаётган коммунизмга қараб тезроқ югуриш режалари тузиларди.

СССР қулагандан кейин фақат Ўзбекистонда бу тадбирлар “фаоллар йиғилиши” номи остида сақланиб қолди. Аввал вилоятларда, сўнгра Тошкентда ўтказиладиган “фаоллар йиғилишига” келган фаоллар миллатнинг катта қисми чет элларда мардикорчилик қилиб оила боқаётганини, миллатнинг асосий қисми чет элга қочиб қолиш ниятида яшаётганини кўрмагандек бўладилар ва Ислом Карим раҳнамолигида улуғ чўққиларга чиқаётганимизни мадҳ этадилар.

Шу кунларда навбатдаги “вилоят фаолларининг йиллик йиғилишлари” бошланди. Бухоро, Сурхандарё, Хоразм вилоятларида бундай тадбирлар ўтиб бўлди. Бир-биридан ҳеч фарқ қилмайдиган бу масхарабозликларда иқтисодда ҳамма нарса ўсиб бораётгани қайд этилди, Ислом Карим улуғланди, номи айтилмаган қандайдир камчиликларни тузатиш, бу йил яна ҳам буюк марраларни эгаллаш шиорлари ўртага отилди.

Ҳар бир йиғилишда Бош вазир ўринбосарларидан бири қатнашиб, нутқ сўзламоқда. Аммо, хабарларда уларнинг биронта сўзи ҳам келтирилмайди.