22 January 2011
12:30 - Европа Иттифоқи “Бирлик”га берган ваъдаларини бажариб, Ислом Каримга босим ўтказмоқчи
Аввалги хабарларимиздан маълумки, ўтган йили асосан “Бирлик” лидерларидан иборат ўзбек демократик мухолифатининг вакиллари билан учрашган Европарламент ва Еврокомиссия расмийлари Ўзбекистон раҳбарлари билан бўладиган ҳар қандай мулоқотларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини бузилмаслиги, сиёсий маҳбусларнинг озод қилиниши, мухолифатнинг тан олиниши хусусидаги талабларни олға суришга ваъда беришган эди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримнинг янаги ҳафта Брюсселга ташриф буюриши билан боғлиқ бўлган ҳамма хабарларда Европа Иттифоқи ўз ваъдаларини бажариш ниятида эканлиги кўрилмоқда. Хусусан, “Свобода” радиоси мухбирларининг ЕИ вакили Оливье Байига асосланиб хабар беришича, Еврокомиссия раиси Жозе Мануэл Баррозу Ислом Карим билан учрашганда асосан инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларни ўртага қўймоқчи.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “Бирлик” Партияси Андижон воқеаларининг бир йиллиги муносабати билан 2006 йил 13 майда эълон қилган баёнотидаёқ диктаторликларни санкциялар ва уларни дунёдан изоляция қилиш йўли билан енгиб бўлмаслигини, буни Куба, Шимолий Корея ва Саддам Ҳусайин замонидаги Ироқ мисолида кўриш мумкинлигини таъкидлаб, Ўзбекистонни Ғарб структураларига интеграция қилиш Ўзбекистонда демократик жараёнларни олға суриш нуқтаи назаридан самарали эканлигини билдирганди.

Ҳозир бу ҳақиқатни Ғарб ҳам тушунишга бошлаганида “Бирлик” Партиясининг роли катта эканлигини ҳеч ким инкор этолмайди, дейди “Ҳаракат” агентлигининг мухбири.