16 January 2011
06:07 - Туркияда ҳам демократик мухолифат бирлашмоқда, Демократик Партияга янги раис сайланди
Маълумки, ўтган асрнинг 80-чи йилларида Туркияда ҳокимиятга бирин-кетин келган ўнг қанотли демократик партиялар - Тўғри Йўл Партияси ва Она Ватан Партияси - мамлакатда кенг миқёсли сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар олиб бордилар. Айниқса, Она Ватан Партиясининг раиси Турғут Ўзал Бош вазир бўлган даврда Туркия ҳар томонлама олға кетди. Аммо, бир-биридан ғоявий фарқи бўлмаган бу икки партия орасидаги баъзида душманлик даражасига кўтарилган рақобат, гуркираган коррупция ва ислоҳатлар дарҳол натижа беролмаганидан фойдаланган исломий илдизли Адолат ва Тараққиёт Партияси тузилар-тузилмас, 2001 йилда қатнашган биринчи сайловларидаёқ ғалаба қозонди ва айнан аввалги ислоҳотларнинг натижалари соясида ҳали ҳам ҳокимиятда турибди.

Ҳозир Тўғри Йўл ва Она Ватан партияларининг мамлакат парламенти – Миллий Мажлисда депутатлари ҳам йўқ. Шундай шароитда бу икки партия Демократик Партия номи остида бирлашган бўлса ҳам жиддий ўзгариш бўлмаган эди. Сўнгги ойларда бу партияни оёққа турғизоладиган, уни ҳокимиятга олиб келоладиган лидер қидириш бошланди. Турғут Ўзалдан кейин Тўғри Йўл Партиясига раислик қилган, Бош вазирлик даврида ичига сиғмас энергияси билан танилган Танси Чиллерни янги партияга раис бўлиш учун чақиришди. У жуда эҳтиёткорлик билан таклифни рад этди.

Ниҳоят кеча Демократик Партиянинг навбатдаги Қурултойида унга янги раис сайланди. Унинг исми Номиқ Кемал Зейбек, Турк дунёсида анчагина номи чиққан, ўзбек мухолифати лидерларини шахсан танийдиган, миллий руҳдаги тажрибали сиёсатчи. У Қурултойдаги нутқида “Мен бугун партия раислигига эмас, ҳукумат раислигига номзод бўлдим деб ҳисоблайман, уч ой ичида партияни халқ билан бир бутун қиламан” деб ваъда берди, Танси Чиллернинг “Бу ишни ё бажарамиз ё бажарамиз” деган машҳур сўзларини эслатиб, 6 номзод қатнашган сайловда ғалаба қозонди.

Демократик Партиянинг янги раиси Номиқ Кемал Зейбек олдида улкан вазифалар турибди.