15 January 2011
22:04 - Мамлакатидан қочган Тунис президенти Саудия Арабистонига келди, энди навбат кимники?
Қонсиз давлат тўнтариши йўли билан 1987 йилда Тунисда ҳокимиятни қўлган олган, 1989 йили президент бўлиб сайланган Зин эл-Абидин Бен Али шунча йил ичида мамлакатини ўта қашшоқ аҳволга олиб келди. Бир ойча аввал бошланган халқнинг қўзғолонини бостиролмаган 21 йиллик президент жонини сақлаб қолиш учун кеча мамлакатидан қочди. Турли хабарларда унинг бир Францияга, бир Италияга кетгани айтилди. Кўринишидан, шундай бўлган ҳам, аммо бу мамлакатлар Туниснинг собиқ диктаторини қабул қилишмаган. Сўнгги хабарларга кўра, жумадан шанбага ўтар кечаси у Саудия Арабистонига келибди.

Тунис парламентининг спикери президент вазифасини вақтинча бажариб турадиган бўлди. 90 кун ичида янги президент сайлови ўтказилиши керак.

20 йилдан ортиқ диктаторлик қилаётганлардан қайси бирининг ўз мамлакатидан қочиш навбати келмоқдалигини айтиш қийин, аммо айнан 1987-89 йиллари ҳокимиятга келган ҳукмдорлар рўйхати унчалик катта эмас.

Дарвоқе, Зин эл-Абидин Бен Алининг асосий шиори “Мамлакатни шошмасдан демократиялаштириш” эди, яъни ўзимизникига ўхшаган – “Янги уй қурмасдан эскисини бузма”.