13 January 2011
01:53 - АҚШ билан ҳамкорлик қилиш масаласида Туркманистон Ўзбекистоннинг ўрнини эгаллаб бўлдими?
Сорос Фондининг Очиқ Жамият Институти томонидан чиқариладиган EurasiaNet номли Интернет нашрнинг “Ашхобод Афғонистонда уруш олиб бораётган АҚШ ва НАТО қўшинларининг калит ҳамкоридир” (http://russian.eurasianet.org/node/58499) номли мақоласидан хабар сарлавҳасидаги саволга “Ҳа” деган жавоб чиқади.

Маълумки, EurasiaNet ҳеч қачон жиддий анализлари билан ўзига диққатни жалб қиладиган нашр бўлмаган. Кўпроқ олди-қочди гапларнинг манбасидир. Бундан 5-6 йил аввал ўзи Туркияда яшайдиган рус аслли Торбаков исмли гўёки тадқиқотчи Ўзбекистонга бағишланган ўта саёз мақолларини сал кам ҳар ҳафта эълон қилиб турарди. “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат Институт раҳбариятига бу хусусда қаттиқ норозилик билдиргандан кейин, Торбоков қаергадир йўқолди, шу билан бирга, Ўзбекистон мавзуси ҳам бу нашрдан отиб ташланди.

Шулар сабабли, бу нашрда Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига бағишланган мавзуларнинг “анализига” ҳам танқидий қараш керак. Лекин юқорида номи тилга олинган мақолада анча-мунча жиддий фактлар борлиги, шубҳасиз, диққатга сазовордир.

Бу мақолани ўқиб, Ўзбекистон манфаатлари нуқтаи назаридан анализ қилсак, Ўзбекистон ҳукумати Хонободдаги авибазани Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг, тўғрироғи, бу ташкилотнинг хўжайинлари Россия ва Хитойнинг талаби билан АҚШдан олиб қўйиб катта стратегик хато қилганини эслаймиз. Муқаддас жой бўш қолмайди деганларидек, Ўзбекистоннинг ўрнини Туркманистон эгаллаётганини кўрамиз.

Ўзбекистон ҳукумати бу қадами билан нафақат Ғарбнинг ишончини, балки, Ғарбнинг мамлакатимиз ҳудудларидан фойдалангани учун берган тўловларни йўқотди.