11 January 2011
06:05 - Тошкентдаги машҳур авиазавод банкрот бўлди
Бу ҳақда давлатимизнинг расмий ахборот агентлиги жим турибди, аммо ҳукумат тарафидан тузилган гўёки мустақил сайтлар хабар тарқатмоқдалар.

Ўтган асрнинг 40-йиллари бошида, яъни ўша пайт атамалари билан айтсак, Улуғ Ватан Уруши кетаётган вақтда Россиянинг ғарбий қисмидаги баъзи заводларни Марказий Осиёга кўчириш жараёнлари доирасида асослари ташкил этилган машҳур Чкалов номидаги Авиация ишлаб чиқариш бирлашмасининг инқирози ҳақида анчадан бери гап борлигига қарамай завод расман банкрот, деб эълон қилинмаган эди. Эндиликда заводнинг инқирози Ўзбекистон Репсубликаси Олий хўжалик суди қарори билан белгиланиб, унга ташқи бошқарувчи тайинланибди. Бу одам аввал заводда раис ўринбосари бўлиб ишлаган Рустам Абдураззоқовдир.

Заводни кейинги йилларда бошқарган Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ раҳбари Ўткир Султонов пенсияга чиқарилибди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу завод асосан Россиядан олиб келинган қисмлардан ҳарбий учоқлар йиғиш билан шуғулланарди. Шу сабабли, у мустақилликдан кейин ҳам феълан русларнинг корхонаси эди. Ҳозир руслар Қозоғистон ҳудудларидаги Бойқўнғир космодромидан бошлаб, собиқ мустамлака республикларда жойлашган стратегик объектлардан воз кечиш арафасидалар ёки воз кечиб бўлдилар. Демак, улар Чкалов бирлашмасидан ҳам воз кечишган, Ўзбекистон ҳукуматининг уни банкрот деб эълон қилишдан бошқа йўли бўлмаган.

Агар Ўзбекистон ҳукумати вақтида керакли тадбирлар олмаса, ҳозир чет элларда тайёрланган қисмлардан Ўзбекистонда автомобиллар йиғаётган ва феълан америкаликларники бўлган "GM Uzbekistan" қўшма корхонасининг тақдири ҳам айнан Чкалов бирлашмасиники каби бўлади.