06 January 2011
07:30 - АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси республикачилар қўлига ўтди
Ўтган йили ноябрь бошида ўтказилган сайловларда ғалаба қозонган республикачилар кеча Конгресснинг қуйи палатаси - Вакиллар Уйининг бу йилги биринчи мажлисида расман идорани қўлига олдилар. Вакиллар Уйининг аввалги раиси, демократ Нэнси Пеллози хоним ўрнига республикачи Жон Боҳнер сайланди. Хабарларда янги раиснинг 12 фарзандли оддий оиладан ўсганлиги ҳам алоҳида урғуланади.

Янги раиснинг биринчи нутқида республикачилар ҳукматнининг фаолиятини қаттиқроқ назорат олишга ваъда бердилар. Маълумки, ҳукумат – президент Барак Обама раҳбарлигидаги демократлар маъмуриятдир. Айни замонда, республикачилар сайловолди кампанияси давомида берган асосий ваъдаларидан бирини бироз юмшатдилар, дейилади, Reuters агентлигининг хабарида. Бу ваъда – ҳукуматнинг ҳаражатларини кескин қисқартириш эди.

АҚШ молиявий-иқтисодий кризисдан чиқишга бошлаган бўлса ҳам, ҳали олдинда анча иш бор. Бунинг устига, Афғонистондаги урушнинг келажаги етарлича номаълум. Шундай мураккаб пайтда, ҳукумат демократлар қўлида, парламент палаталаридан бири эса мухолифат қўлида эканлиги туфайли, АҚШнинг ташқи ва ички сиёсатининг ижросида анчагина муаммолар чиқиши мумкин, дейди мухбиримиз.