06 January 2011
01:23 - Британия иқтисодчилари ўзбек статистикачилари билан "ҳамфикр"
Ўзбекистондаги баъзи оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, штаб-квартираси Лондонда жойлашган “Economist Intelligence Unit” иқтисодий таҳлил маркази Ўзбекистонни жадал ривожланаётган ўнта мамлакат рўйхатига киритибди. Марказ таҳлилчиларига кўра¸ Ўзбекистонда ялпи миллий маҳсулот ўсиши 2011 йилда 7 фоизни ташкил қилармиш. “Йўқ, ўсиш бундан ҳам катта” дейишгача бораётган Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси 8¸3 фоиз деган рақамни таъкидламоқда.

Инглизларга кўра, 2011 йилда иқтисодий кўрсаткичлар бўйича етакчилик Қатарга тегишли. Кейинги ўринларни Гана¸ Монголия¸ Эритрея¸ Эфиопия¸ эгаллаган. Нима бало, бу рўйхат марказнинг янги йил ҳазилими ёки дунё тескариига айланмоқдами?

Дарвоқе, юқорида санаб ўтилган мамлакатлардан кейин дарҳол Ўзбекистон келмайди. Уларнинг ўртасида Хитой ва Ҳиндистон бор. Бундай мўъжизанинг сири оддий. Гана¸ Монголия¸ Эритрея¸ Эфиопия ва Ўзбекистон каби қашшоқ мамлакатларда ўсиш ростдан ҳам катта. Аммо, иқтисоднинг ҳозирги аҳволи ва унинг ортишини кўрсатувчи рақамларнинг абсолют миқдорлари шунчалик кулгилики, ўзбек хабарчилари уларни тилга олиб ҳам ўтирмасдан, ортиш фоизлари билан мағрурланишмоқда.