06 January 2011
00:02 - Депутатлар судларга ҳурмат талаб қилишмоқда: улар бунга лойиқми?
Шу кунларда Парламент қуйи палатасининг тегишли қўмиталарида судларга ҳурматсизлик учун жавобгарликни кучайтириш, ҳатто бу борада жиноий жазо турларини амалга киритиш масаласини муҳокама қилмоқда. Янги йил байрами арафасида қуйи палатанинг матбуот воизлари бу ҳақда хабар қилганди, шу кунларда эса маҳаллий ТВлар бу қонун муҳокамасини тинмай кўрсатиб ётишибди.

Депутатларга кўра, судга ҳурматсизлик қаттиқ жазоланиши керак. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг жазо чоралари, яъни жарима ҳурматсизликка чек қўя олмайди. Лекин шўринг қурғур депутатларнинг бирортаси судьяларнинг ўзи ҳурматга сазоворми, деган масалани ўртага ташлай олмайди, дейди мухбиримиз. Ахир, қонуннинг субъектив жиҳати сифатида судларнинг ўзи ҳам бу борада фаол иштирок этиши лозим.