30 December 2010
13:45 -
Озорбайжон мухолифати соя парламенти – Жамоатчилик Палатаси тузди

Жамоатчилик Палатаси тузиш ғоясини мухолифатдаги асосий партиялар – Мусават Партияси, Озорбайжон Халқ Фронти Партияси, Озорбайжон Миллий Истиқлол Партияси қўллаб қувватлади. Шу куннинг ўзидаёқ ойда бир марта йиғиладиган Жамоатчилик Палатасининг 9 кишидан иборат Координацион Кенгаши сайланди, дейилади “Янги Мусават” онлайн газетасининг хабарида.
Демократик партиялар ва ноҳукумат ташкилотлар вакилларининг бир том остида йиғилиб, коалиция ёки Бокудаги каби палата тузиш ғоялари олқишга сазовор, дейди Ўзбекистон “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат. Аммо, МДҲга кирувчи бошқа мамлакатлардаги демократларнинг тажрибаси ҳам кўрсатмоқдаки, бундай коалициялар авторитар ёки тоталитар режимларнинг қарши жиддий кураш олиб боролмайди. Колалицияга кирган партиялар кўрпани ўзларига тортиш билан овора бўлиб, умумий мақсадни тезда унутадилар. Энг самарали йўл – биз таклиф қилаётгандек, ҳамма демократларни битта партияга, энг яхшиси, мавжуд партияларнинг бирида бирлаштиришдир. Узоқ йиллардан кейин рус демократлари ниҳоят шу йўлни танладилар. Озорбайжон демократлари ҳам барибир шу йўлга ўтадилар. Қанча тез бўлса, шунча яхши.
Расмда: Чапда ўтирган - Озорбайжон Халқ Фронти Партиясининг раиси Али Каримли, туриб гапираётган - "Мусават" Партиясининг раиси Иса Қамбар.