28 December 2010
21:36 - SOS: “Эзгулик” офисидаги жиҳозлар мусодара қилинди! (Пресс-релиз №40, 27.12.2010)
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда Дилнура Қодиржонованинг сирли ўлими ҳақида ёзгани учун фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан 2009 йилнинг 4 августида 200 000 сўм, шу йилнинг 7 октябрида эса 50 000 сўм жарима билан жазоланганди. Жамият зиммасига “Дилнура Қодиржоновани ким ўлдирди?” номли релизи юзасидан раддия бериш ҳамда даъвогарлар полковник Жамшид Матлубов (жорийдаги Ички ишлар вазири Баҳодир Матлубовнинг укаси), Рене Метмурадовалардан кечирим сўраш мажбурияти юкланганди.

Бу босимлар мамлакатда милиция органининг қабиҳ фаолияти ҳақида жамият раиси Васила Иноятовнинг Варшавада ўтган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг саммитида қилган чиқишдан сўнг кучайди. Бугун Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани суд ижрочилари департаменти томонидан жамиятнинг Тошкент шаҳар Навоий кўчасида жойлашган Марказий бошқарув офисидаги техник жиҳозлар, хусусан, принтер, нусха кўчириш аппарати ва бошқа ашёлар мусодара қилинди. Суд ижрочиларига кўра, мазкур техник жиҳозлар нархлаш комиссияси томонидан баҳоланиб, унинг қиймати миршаблар кўрган зарарни қоплашга қаратилади.

Шу йилнинг 24 майида жамият Марказий бошқарувининг компьютери ўғирлаб кетилганидан сўнг жамият фаолиятида ўзига хос сусткашликлар юзага келган ва айрим халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус ваколатхоналари кўмагида фаолият тикланганди. Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ИИБ томонидан мазкур ўғирлик ҳодисаси юзасидан қўзғатилган жиноят иши ҳам ёпилиб кетди ва бу амалда ўғирлик ҳодисасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг бевосита манфаатдорлигини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мазкур ҳодисаларни жамият фаолиятига берилаётган жиддий зарба сифатида баҳолайди ва мамлакат ҳукуматидан бу каби провакацион ҳаракатларни тўхтатишни сўрайди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасини мазкур ҳарактларнинг қонунийлигини ўрганишга чақириб, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпуслар ва оммавий ахборот всоиталари эътиборини жамият фаолиятига қўйилаётган тўсиқларга қаратади.