Расмий хабарларга кўра, президент Ислом Карим кеча давлат рамзларига оид қонунларга ўзгартириш киритувчи қонун имзолабди. Бу қонун давлат байроғи ва гербини тасвирларини тижорий мақсадларда ишлатишни тақиқлайди. Уларнинг тасвирлари ёки тасвирларининг қисмларини нодавлат ташкилотлар ўз ҳужжатларида ишлатишга ҳақлари йўқ. Бу – тўғри чекловлар.
Аммо, давлат мадҳияси жамоат жойларида янграган пайтда ҳамма ўрнидан туриб, ўнг қўл панжасини кўкракнинг чап томонига қўйиши кераклиги мантиқсиз талабдир. Одамлар ўз давлатларининг рамзларига ҳурмат кўрсатмоқчи бўлсалар, шундоқ ҳам оёққа турадилар, қўлни кўкракка қўйиб туриш баъзи Ғарб давлатларининг анъаналаридан биридир.
Ҳарбийлар оёққа туришдан ташқари “честь” беришлари кераклиги ҳақидаги талаб эса, қонунларда эмас, Қуролли кучларнинг низомларида белгиланиши керак. Ислом Карим бу талабни ҳам қонунга тиқибди.
Бундан ҳам қизиғи, оддий одамлар давлат мадҳияси чалинаётган пайтда оёққа турмасалар ёки қўлларини кўкракка чиқармсалар уч ойлик минимал иш ҳаққи миқдорида жарима тўлайдилар, бир йил давомида бу талабни иккинчи марта бажармаган киши - энг оз ойликнинг етти баробарида жарима тўлашга маҳкум.
Керакли қонунлар мутлақо ишламайдиган Ўзбекистонда бундай қонунлар нимага керак бўлиб қолгани номаълум. Балки, мақсад - мамлакат қонунчилигини ҳам масхарабозликка айлантиришдир.
Дарвоқе, кўраётган расмингиздаги биринчи қаторда ўнгда турган одамга ўхшаганлар янги қонун бўйича жарима тўлайдилар. Ўнгдан иккинчи одамга жарима солиш учун унинг қўли кўкрагида эмас, қорнида турганини исботлаш керак бўлади.