02 December 2010
21:50 - Озодлик Мактаби (Устозимиз Абдуманноб Пўлат хотирасига)
Кунлар келиб, Домланинг ёрқин хотираси қаршисида бош эгиб, Ватандан олисда, муҳожиратда, мана шундай оғриқли нома ёзаман, деб, сира ўйламаганман. Аслида, бир мен эмас, ҳеч ким бундай ўйламайди ҳам.

Инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва сиёсатдаги биз-ёшларнинг Устозимиз-Абдуманноб Пўлат Халқимиз озодлиги йўлида бутун умрини фидокорона бахш этди. Бу алдамчи дунё ўзи шундай, эртами, кечми барча учун ўлим ҳақ экан. Кимдир 80-90 йил умр яшаб, ўзидан ўзганинг корига ярамасдан ўтиб кетаркан. Яна кимдир қисқа умри асносида нафақат бугунги авлод, балки келгуси авлод равнақи учун ҳам муносиб, хайрли амаллар қилишга улгурар экан. Дунё тарихида бундай олийжаноб инсонлар кўп ўтган. Шукрларким, ҳозир ҳам шундай инсонлар бор, келажакда ҳам бўлғусидир. Зеро, бу инсонлар борки, олам мунаввар. Домла-Абдуманноб Пўлат шундай Комил Инсон эдилар.

Домланинг таъзиясига бағишлаб, кўплаб ОАВ ёзмоқдалар. Домланинг яқин сафдошлари, атоқли давлат ва жамият арбобларимиз ёзаётган хотиралари ёшлар учун катта сабоқдир. Камина “Бирлик” партияси ва Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячиларининг ёш авлоди вакили сифатида айтишим керакки, Домланинг ёрқин ва ўчмас хотираси ҳамиша қалбларимизда абадий яшайди. Устоз йўлининг давомчилари биз-ёшлармиз. Домла орзу қилган умидларини, иншоллоҳ, рўёбга чиқаражакмиз. Ватанимиз-Ўзбекистон зулмдан озод бўлгай. Зотан, тундан кейин тонг отгуси муқаррар.

Устоз нафақат етук сиёсатчи ва фаҳрли ҳуқуқ ҳимоячиси эдилар, балки, қалби қуёш, меҳри дарё бўлган ажойиб дилкаш инсон эдилар. У кишидан биз-ёшлар кўплаб нодир билимларни - сиёсатнинг нозик жиҳатларини, дипломатия ва педагогика санъатини, нафосат тарбиясини ва энг муҳими, инсонийликнинг сержило қирраларини ўргандик. Устоз яратган бебаҳо МАКТАБнинг ўқувчилари ҳали кўп замонлар Ватанимиз фаровонлиги йўлида муносиб хизмат қилажак. Домланинг ШАРАФЛИ ҳаёти ва фаолияти ҳар бир Ўзбек ўғлони учун ўрнак ва намунадир.

Яқин ўтмишимиздаги улуғ боболаримиз Чўлпон, Фитрат, Беҳбудий, Қодирий, Авлоний, Вали Қаюмхон, Боймирза Хайит каби Халқимизнинг забардаст ва комил фарзандлари каби Устозимиз-Абдуманноб Пўлат ҳам тоабад Ўзбекистон тарихида шонли қолажак.

Ўзбек халқи АБДУМАННОБ ПЎЛАТдек асл фарзандини ҳеч қачон унутмайди.

Жойингиз жаннатдан бўлсин, азиз УСТОЗ! Сизнинг буюк хотирангиз қаршисида ҳамиша бош эгамиз…

Улуғбек Бакир, Норвегия.
Пайшанба, 2 декабрь, 2010 йил.