02 December 2010
03:53 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Ҳалолликка суиқасд ёхуд хуфя сармоя корчалонлари қурбони”
Сатторов Ўрол Ҳапизович: - оилалик, тўрт фарзанднинг отаси. Тезкор Қидирув Фаолияти бўйича курсни тўлиқ ўтаган, олий маълумотли иқтисодчи. 1995 йилдан Қашқадарё вилоят солиқ тизимида турли лавозимларда ишлаб, 2009 йилда эришган кўрсатгичлари учун ДСҚ раиси Б.Парпиев томонидан тақдирланиб, “Республика солиқ тизими аълочиси” деган номга сазовор бўлган.

11.12.2009 йилда Шаҳрисабз туман ДСИ шўъба бошлиғи лавозимидан бўшатилган.
2009 йил 27 июл куни Ў.Саттаров ҳамкасби А.Номозов билан яширин цехда минерал сув ва ўсимлик ёғи ишлаб чиқараётган “Гулруҳ Шокир қизи” фирмасига қисқа муддатли текширув ўтказишга бориб, хизмат бурчини ўтаётган пайтда фаол қаршиликка учрагач, Шаҳрисабз туман ДСИ бошлиғи Ш.Ражабов ва унинг ўринбосари А.Шароповларга қўнғироқ қилиб ёрдам сўрасада, хавфсизлик чорасини кўрмаган ДСИ раҳбариятининг ҳаракатсизлиги оқибатида фирма раҳбари ва унинг уч нафар ўғли томонидан хизмат кийимлари тилка пора қилиниб, аёвсиз калтакланган!

Оғир тан жароҳати олган Ў.Саттаров 11 кун касалхонада даволанаётган пайтида ҳам зўравонларнинг таъзийқлари давом этаётгани ҳақида вилоят ДСБ бошлиғи Х.Жўраев ва Республика ДСҚ раиси Б.Р.Парпиевга юборган ариза ва телеграммалари, ДСҚ Махсус Бошқармаси бошлиғи Ж.Баҳодировга мурожаатлари оқибатсиз қолиб, чора кўрилмаган...

Солиқ тизимининг мансабдор корчалонларига тегишли солиқдан холи цехлар фаолиятини фош этгани учун ошкора таъзийққа дучор бўлиб: - фуқороларнинг солиқ сиёсатига ишончини йўқотган., деган тавқи лаънатга учраб, вилоят ДСБ раҳбари буйруғи билан 2009 йилнинг августь ойида кетма-кет 5 марта ўтказилган хизмат текшируви хулосаларига асосан ишдан бўшатилган Ў.Саттаров ва А.Номозовни жавобгарликка тортиш учун 07.09.2009 йилда ўтказилган хизмат текширувида тўпланган ҳужжатлар туман прокуратурасига юборилган.

Шаҳрисабз туман прокуратураси: - ДСИ ходимлари Ў.Саттаров ва А.Номозовларга нисбатан ўтказилган хизмат текшируви хулосасида кўрсатилган ҳолатлар ўз тасдиғини топмаганлиги ва уларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли Ўз.Р. ЖПКнинг 83-моддаси, 2-бандига асосан жиноят ишини рад этиш ҳақида., 2009 йил 20 ноябрда қарор қабул қилган бўлсада, айнан шу исботини топмаган хизмат текширув хулосасига асосан туманлараро Қарши фуқаролик суди Ў.Саттаров ва А.Номозовларнинг ишга тиклаш., тўғрисидаги даъво аризаларини рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган?! Ҳатто, Ў.Сатторовнинг даъвосини қаноатлантириш ҳақида вилоят прокурори ёрдамчиси Б.Қурбоновнинг вилоят аппеляция судига киритган протести ҳам инобатга олинмаган?!

Собиқ Солиқ хизмати аълочиси ҳануз: - ноҳақлик қурбони бўлганимни Республика Давлат Солиқ Қўмитаси раиси Б.Р.Парпиев билмайди., деган фикрда. У Президентимиз Ислом Каримовнинг Олий Мажлиси Сенатида сўзлаган нутқидан жуда катта руҳий қувват олдим, энди адолат қарор топгунча курашни давом эттираман., деган қатъий қарорга келдим дейди.

Туҳматга учрасада, иродаси букулмаган табиатан ҳалол бу йигитнинг ёруғ мулоҳазалари бизда ҳам умид уйғотди. Зеро, одамлар адолатни севишлари учун уларга адолатсизлик оқибатларини кўрсатиб турмоқ зарур...

PS: вилоят Давлат Солиқ Бошқармасида ҳукм сураётган носоғлом муҳит, фидойи ходимлар ишдан четлатилиб, миллиард-миллиард сўмларни солиқдан яширган ходимлар шоҳона дала ҳовлиларда даврон сураётганлиги тўғрисидаги аниқ фактларга асосланган маълумотлар билан кейинги хабарларимизда танишасиз.

Ҳамроқул Асқар,
«Pegas-media-press» жамияти директори,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси