01 December 2010
18:48 - Ташкилот сифатида йўқ бўлган ЕХҲТнинг саммити Остонада бошланди, "Бирлик" бундан ҳам фойдаланишга тайёр
Бир неча соат аввал Қозоғистон пойтахти Остонада Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) бу асрдаги биринчи саммити бошланди. Қозоқ расмий агентликларининг хабарига кўра, анжуманда 38 мамлакатнинг президенти, бир мамлакатнинг вице-президенти, 7 мамлакат бош вазирларининг ўринбосарлари, 14 мамлакат вазири, 33 халқаро ва минтақавий ташкилотнинг вакили иштирок этмоқда. Хусусан АҚШ ва Ўзбекистон бу йиғилишга расмий вакил сифатида ташқи ишлари вазирини юборишган. АҚШдан Ҳиллари Клинтон, ўзимиздан Владимир Норов. БМТ Бош Котиби Пан Ги Мун ҳамда Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ҳам шу ерда.

Шу соатга қадар Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбой ва бу мамлакатнинг ташқи ишлар вазири – ЕХҲТнинг ижрочи раиси Канат Саудабаев, БМТ Бош Котиби Пан Ги Мун, Россия президенти Дмитрий Медведев, Қирғизистон президенти Роза Отунбаева, АҚШ ва Ўзбекистон вакиллари Ҳиллари Клинтон ва Владимир Норов ҳамда бир қатор бошқа давлатларнинг вакиллари анжуманда нутқ сўзлаб ҳам бўлдилар.

Эслатиб ўтамиз, “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат ЕХҲТ ўз аъзоси бўлмиш Ўзбекистон ҳукуматининг 2005 йилда Андижондаги қонхўрлигига муносабат кўрсатолмагани ва Ўзбекистонга таъсир ўтказолмаганидан кейин, бу ташкилот феълан ўлганини гапирган эди. Остонадаги йиғилиш айнан унинг фикрини тасдиқламоқда. Сўзга чиққан нотиқлар, Ўзбекистонда 5 йил аввал бўлган хунрезликни қўйиб туринг, ЕХҲТнинг аъзоси бўлмиш Қирғизистонда қирғиз фашистларининг яқиндагина ўзбекларга нисбатан қилган қирғинликларини эсга ҳам олмасдан, жаҳон ва ЕХҲТ ҳудудлари доирасида бўлаётган воқеалар ҳақида умумий гаплар айтиш билан чегараланишмоқда. ЕХҲТга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган Афғонистон муаммоси сўз ўйинлари учун асосий мавзу бўлмоқда. Ваҳоланки, Афғонистон билан НАТО шуғулланмоқда, унинг ҳамма аъзолари ЕХҲТга ҳам аъзо бўлишига қарамасдан, ЕХҲТ ташкилот сифатида Афғонистон муаммолари билан ҳеч қачон тўғридан-тўғри шуғулланмаган.

Расмий хабарларга кўра, Ўзбекистон вакили Владимир Норов ҳам ўз чиқишида асосан Афғонистон ҳақида умумий гаплар гапирган, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан муносабатлари икки тарафлама алоқалар доирасида бўлишини таъкидлаб, Ислом Каримнинг ҳеч ким эътибор бермаётган “6+3” ташаббусини такрорлаган. Қирғизларнинг мустақил 24.kg агентлигигина ўзбек вазири Қирғизистон жанубидаги воқеалар ҳали текширилиши кераклиги ҳақида гапирганини эслатади.

Абдураҳим Пўлат ЕХҲТнинг йўқ бўлиб бўлгани ҳақидаги фикрини тасдиқлар экан, баъзан “йўқлик” ҳам сиёсатда етарлича муҳим эканлигини, бундай йиғилишлар энг камида фикр алмашиш минбари ва “ким кимлигини” кўрсатувчи саҳна ролини ўйнашини таъкидламоқда. Бундан ҳам муҳими, дейди “Бирлик” лидери, нодемократик мамлакатлардаги мухолифатчилар бу каби учрашувлардан демократик жараёнларни олға суриш мақсадида унумли фойдалана билишлари лозим. “Бирлик”нинг бу йўналишда аниқ режалари бор. Уларни ҳаётга жорий қилиш давом этади.