25 November 2010
23:39 - Гулнора Каримнинг янги “истеъдод”и кашф қилинди: у энди режиссёр
Мамлакат тугул дунёда оташнафас шоира, истеъдодли хонанда, ишбилармон аёл ва сиёсатчи сифатида танитиб борилаётган Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримнинг янги қирраси намоён бўлди. Бугун Ўзбекистон маданияти ва санъати Форумининг Матбуот хизмати томонидан тарқатилган хабарда таъкидланишича, унинг илк режисёёрлик иши - “Ибн Сино” фильми суратга олинди. Илмий-ҳужжатли характерга эга мазкур фильмга Абу Али ибн Сино номидаги халқ табобати академияси ва “Ёшлар” телеканали ҳомийлик қилган.

Ярим соатлик фильм тақдимоти яқин кунларда жамоатчилик орасида катта шов-шулар билан ўтказилиши мўлжалланган. Ана шу кампанияга жалб қилинган маҳаллий оммавий ахборот воситаларидан бирининг ходимига кўра, Гулнора Каримнинг қўл урмагани тарихий сиймолар мавзуи қолганди. Энди шу серияда “истеъдодли режиссёр” қўли билан бошқа аждодларимизнинг хотираси ҳам абадийлаштирилиши режалаштирилган.