11 November 2010
06:33 - ЕХҲТнинг Остонадаги саммитига Барак Обама эмас, Ҳиллари Клинтон келса керак
Қозоғистон оммавий ахборот воситалари АҚШ Давлат Котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари, яъни Роберт Блэкнинг ўринбосари Сюзан Эллиотга асосланиб билдиришича, Ҳиллари Клинтон декабрь ойида Остонага келиши мумкин. Маълумки, ЕХҲТнинг бу асрдаги биринчи саммити 1-2 декабрь кунлари Қозоғистон пойтахти Остонада ўтади. Шу пайтгача, АҚШ президенти Барак Обаманинг бу саммитга келиши ҳақида аниқ бир маълумот йўқ. Шулардан келиб чиқиб, тахмин қилиш мумкинки, ЕХҲТнинг саммитига АҚШнинг вакили сифатида Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон келди.

Шу кунларда бир қатор Осиё мамлакатларини расмий ташриф билан зиёрат қилаётган Барак Обаманинг хавфсизлигини таъминлаш учун америкаликлар олаётган тадбирлар ҳақида афсоналар юрибди. АҚШ президентининг хавфсизлиги 3 минг америкалик тарафидан таъминланмоқда. Уларнинг АҚШдан ўнлаб учоқларда олиб келинган юзлаб махсус автомобиллари бор ва ҳоказолар. Обама Ҳиндистон ва Индонезияга борди, энди G20 саммитида иштирок этиш учун Сеулга боради. Яъни, у муҳим учрашувлар ўтказмоқда.

Остонда бўладиган ЕХҲТ саммитининг эса, тузукроқ кун тартиби ҳам йўқ. Бу тадбир тамомийла Нурсултон Назарбойнинг ташаббуси билан, унинг ва Қозоғистоннинг Евросиёдаги ролини намойиш қилиш мақсадида ўтказиладиганга ўхшайди. Масаланинг бу тарафи ҳам Обама Остонага келмаслиги ҳақидаги тахминни қўллаб-қувватлайди.

Лекин, нима бўлганда ҳам, ЕХҲТ саммитининг Остонда ўтказилиши Қозоғистоннинг минтақадаги лидерлигини яна бир марта исботлайди, аҳолиси 30 миллионга яқинлашиб келаётган Ўзбекистондек мамлакатнинг президенти Ислом Каримнинг аянчли аҳволига ҳамманинг эътиборини қаратади. Энди у ҳам Остонага боришдан қочиш йўлини қидиришга бошласа керак.