07 November 2010
04:41 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Қозидан рози эмасман!”
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва “Судлар тўғрисида”ги амалдаги қонунларининг бирон сатри ёки моддасида судьяларга оқни қора, қорани оқ деб, ўғрини тўғри, ҳақни ноҳақ деб ҳукм чиқариш ёки қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилмаган. Аксинча, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 112-моддасида “Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар” дейилган. Қонунлар эса, табиийки, ижтимоий адолат тамойилларига асосланади. Яъни, фуқаролар манфаатларига хизмат қилади. Бироқ, минг афсуски, қонун бу ёқда қолиб, ўз шахсий манфаати йўлида ҳар қандай пасткашликдан ҳам қайтмайдиган қаллоб, нопок шахсларнинг суд тизими идораларига ўрнашиб олиши, том маънодаги халқимизнинг, юртимизнинг фожеасига айланиб қолишига, адолатсизликнинг авж олишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳол, табиийки, суд идораларига, қолаверса, бутун давлатимизга, қабул қилинаётган қонунларга бўлган фуқароларнинг ишончига жиддий путур етказмоқда ёки сўнишига сабаб бўлмоқда.

Фарғона шаҳрининг собиқ судьяси Муҳаббат Жумаева ҳам юқорида таъкидлаб ўтилган қаллобларнинг типик вакилаларидан биридир. Сабаби – бу аёл Фарғона вилояти Риштон тумани судининг раиси лавозимидаги фаолиятида порахўрлиги учун муқаддам судланиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинганлиги ҳақида вилоят матбуотида мақола ҳам берилган эди. Халқимиз ибораси билан айтганда “ит эгасини, мушук бекаси танимай қолган” 80-йиллар охири, 90-йиллар бошидаги ёмғирдан кейин бодраб чиққан қўзиқориндай кўпайиб кетган, сохта, маддоҳ “демократ”ларнинг (аслида, демагогларнинг) “жонбозликлари” авж олган фурсатдан фойдаланиб, ўзини қўй оғзидан чўп олмаган, фаришта қилиб кўрсатган, кимларнинг ёрдами билан (ҳар ҳолда ўз ҳамтовоқлари бўлса ҳам ажаб эмас) муваффақ бўлган бўлса керак, яна Фарғон шаҳар судьялиги лавозимини эгаллаган, балки унинг сохта кўз ёшларини кўрган айрим “юмшоқкўнгил” раҳбарлар раҳм-шафқат кўрсатиб, энди тавбасига таянгандир деб ўйлашгандир. Аммо бундай хулоса чиқарган жаноблар ҳар ҳолда чучварани хом санашганлар ёки ўзбегимнинг “ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деган нақли борлигини бир зум бўлса-да ёдларидан чиқарганлар.

Бу аччиқ ҳақиқат унинг кейинги фаолиятида яққол намоён бўлди. Бунинг исботи учун Тошлоқ тумани Халқ таълими бўлими мудири С.Каримовни қайта лавозимига тиклаш ҳақидаги сохта, қалбаки “ҳал қилув қарори” мисол бўла олади.

Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилган “ҳал қилув қарори” шундай сўзлар билан бошланади:

“12 апрель 1994 йил куни Фарғона шаҳар судининг очиқ суд мажлиси суд залида бўлиб, раислик этувчи судья Жумаева М., халқ маслаҳатчилари 1) Камолов ва 2) Посысуеваларнинг составида секретар Ҳасанов томонларидан гр. Йўлбарсовларнинг (фуқаро демоқчи бўлса керак) иштирокларида даъвогар Каримов С.Б. нинг жавобгар ВХТБга нисбатан “даъво муддатини тиклаб, ишга тиклаш” ҳақидаги даъвосини кўриб, тубандагиларни аниқлади” деган сўзлар билан бошланади. Хўш, суд состави кимлардан иборат эди, деган саволга жавоб қидирайлик. Менинг узоқ вақт изланишим натижаси ўлароқ шу нарса маълум бўлдики, халқ маслаҳатчилари деб фақат фамилияси кўрсатилган шахс, аслида Абдуғани Камолов бўлиб, ўша кезларда мазкур суд идорасининг ижрочиси бўлган. Иккинчи маслаҳатчи эса шу идоранинг фарроши бўлган. Томонлар вакили бўлган фуқаро Йўлбарсов ҳам Жумаеванинг яқин хизматкорларидан бўлса керак, ҳар ҳолда унинг вазифаси ёки лавозими кўрсатилмай қўя қолинган. Энди “қарор”нинг кириш қисмидаги ёзувларни ўқишда давом этамиз: “Даъвогар Каримов С.Б. шаҳар судига мурожаат қилиб, 1971 йилдан бошлаб Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Халқ таълими бўлимида турли вазифаларда ишлаб келиб...”

Шу ерда юқоридаги сўзлар билан бошланган “қарор”нинг кириш қисмидаёқ бошланган ёлғонни давом этганлигидан бу сохта ҳужжатни саводхонлик, мантиқ, ҳақиқат талабларидан мутлақо узоқлигини илғаб олиш қийин эмас. Сабаби, 1971 йилда Фарғона вилоятида Тошлоқ тумани умуман бўлмаган. Туман ЎзССР Олий Совети Прездиумининг 1973 йил 12 апрелдаги фармонига асосан ташкил топган. Қалбаки қарорни кейинги абзацини ўқишда давом этамиз:
“1993 йил февраль ойида Тошлоқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Р.Фозилов уни ҳузурига чақириб, “Тошлоқ тонги” редакцияси учун Тошлоқ марказидаги 300 нафар ўқувчига мўлжалланган ҳунар-техника мактаби биносини бўшатиб беришликни сўраганлиги, унга рози бўлмагандан сўнг, ўрталарида келишмовчилик чиқиб...”

Мазкур жумлаларни ўқиш билан Жумаеванинг қанчалик порага юзтубан кетганлиги тўла ишонч ҳосил қилишга кифоя қилади. Чунки бу сўзлар ҳам ғирт ёлғон. Фикр изчиллигидан келиб чиққан ҳолда ҳужжатларга мурожаат қиламиз:

Республика Президенти ҳузуридаги Давлат назорат қўмитаси Тошлоқ туман инспекцияси давлат назоратчиси И.Латипов имзолаган, аризачилар Э.Бобожонов, Имямин Болтабоевлар номига ёзилган Б-2 1993 йил 12 март кунги жавоб хатидаги қуйидаги сатрларни ўқисак масала янада ойдинлашади: “Шикоятда кўрсатилган район халқ таълимида умумий таълимни яхшилаш борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларини бажарилиши текшириб чиқилди. Текшириш райондаги 6-, 8-, 15- ва 25-ўрта мактабларда мутахассислар иштирокида ўтказилди. Текширув натижасига кўра, район халқ таълими бўлимида қатор камчиликлар борлиги аниқланди, шу масалани чуқурроқ текшириш мақсадида район халқ таълими бўлимини ва район соғлиқни сақлаш бўлимларининг иш фаолиятини ҳар томонлама Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларининг бажарилишини текшириш учун давлат назорати район инспекцияси иш режасига киритилди”.

Юқорида айтиб ўтилган 300 ўқувчига мўлжалланган ҳунар-техника мактаби-ю бино ҳақида айтадиган бўлсак, аввало, Халқ таълими бўлими ихтиёрида ҳунар-техника мактаби умуман ва ҳеч қачон бўлмаган. Бугунги кунда ҳам худди шундай. Бино эса 1989 йил Фарғона воқеаларигача бўлган вақт мобайнида месхети турк миллатига мансуб Холис Комилов деган шахс оиласи яшаб келган оддий ҳовли-жойдан иборат бўлган. Кейинчалик ҳовли эгаси ўша вақтдаги ижроқўм ихтиёрига ўтказилиб, нархини келишиб сотиб кетган. Туман маҳаллий ҳокимияти балансига ўтказилган бу ҳовлида, дастлаб Туман кўзи ожизлар жамияти, кейинчалик халқ таълими бўлимига қарашли Ўсмирлар ва ўқувчилар уйи фаолият кўрсатиб келган. Шу кеча кундузда эса мазкур ҳовлида якка-ю ёлғиз қариялар учун мўлжалланган кундузги дам олиш маскани фаолият кўрсатмоқда. Нари борса 4-5 кишидан иборат ходими бўлган туман газетаси таҳририяти учун, аввало, мавжуд бўлмаган 300 ўринли ҳунар-техника мактабини бўшатиб беришни талаб қилди, деб қоғозга туширишнинг, ёзишнинг ўзи ўтакетган мантиқсизлик ёки қаллоблик эмасми? “Қарор”нинг иккинчи саҳифасидаги ёзилган гап-сўзлардан яна бир шингил ўқисак Жумаеванинг кирдикорлари янада яққол бўй кўрсатади:

“Суд ҳайъати тарафларнинг баёнотларини, иш бўйича тўпланган материалларни ва прокурорни...? даъвони қувватловчи фикрини эшитиб” ва ҳоказо сўзлардан кейин шу саҳифани учинчи абзацидаги ёзувларни ўқишда давом этамиз:

“Шу билан бирга суд даъвогарини судга мурожаат қилиш муддатини ўтказиб юбориш сабабларини текшириб, ҳақиқатан ҳам бу низони дастлаб ҳал қилишлик учун Каримов вилоят Халқ таълими бошқармасининг меҳнат низоларини кўриш комиссиясига мурожаат қилишлиги лозим эди уч ойлик муддатда. Лекин ушбу комиссия Халқ таълими бошқармасига тузилмаган бўлганлиги учун вилоят касаба уюшмаси комитетига ва туман, вилоят ҳокимларига ҳам вилоят прокуратурасига мурожаат қилиб, аризасининг натижасини ҳал қила олмаганидан кейин сўнг шаҳар судига мурожаат қилди ва шаҳар судининг кўрсатмасига асосан вилоят Халқ таълими бошқармасида меҳнат низоларини кўриш комиссияси тузилиб, унинг аризаси 4.04.1994 йилда кўриб чиқилди ва рад қилинди...”

Бу сўзларни ўқиган ва мантиққа озгина амал қиладиган кишининг қўли беихтиёр ёқасига бориб қолиши табиийдир. Чунки “қарор”нинг худди шу иккинчи саҳифасининг 1-абзацида прокурорни даъвони қувватловчи фикри эшитилган эди-ку. Энди шу саҳифанинг 3-абзацида ёзилишича, Вилоят прокурори С.Каримов аризасини ҳал қилмаган эмиш... Бундан ортиқ мантиқсизлик ёки саводсизлик бўлиши мумкинми? Вилоят прокурори рад қилган ишни шаҳар прокурори қувватлаши қандай мумкин бўлади?

Шунингдек, ВХТБдаги меҳнат низоларини кўриш комиссиясига Тошлоқ туманида фаолият кўрсатиб келган С.Каримовни қандай алоқаси бўлиши мумкин? Қонунда бундай комиссия бевосита меҳнат жамоасида, ходимларнинг вакиллик органлари ва иш берувчи томон билан сон жиҳатдан тенглик асосида тузилади-ку. ВХТБ иш берувчи томон бўлмаса С.Каримов ушбу идорада Касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти ҳисобида турмаса қандай қилиб ВХТБдаги меҳнат низоларини кўриш комиссиясига мурожаат қилиши мумкин? Бу нарса ҳеч ақлга сиғмайдиган ҳолат-ку. Худди шу юқоридаги икки эпизодда судья Жумаеванинг ҳуқуқий тафаккурдан бутунлай йироқлиги, ҳуқуқий саводсизлиги панд берган, десак ҳеч янглишмаймиз. Хуллас, мазкур эътирозномани яна давом эттириш мумкин. Бироқ виждони бор ҳар қандай инсон мазкур қалбаки буюртма “ҳужжат”га бирров кўз югуртиришдаёқ унинг 99,9 % ғирт уйдирма ёлғон важ-корсонлар йиғиндисидан иборат эканлигига ишонч ҳосил қилиши шубҳасиздир. Аммо шундай жиноят ва разолату жаҳолат худди уфуриб турган бу “ҳужжат”ни кўра-билатуриб, унинг заминида инсон тақдири турганлиги факторига ҳам бефарқ муносабатда бўлиб келаётган Вилоят прокуратураси, суд, касаба уюшмалари, ҳокимликлардаги мутасаддилар, ўн беш йилдан бўён томошабин бўлиб келаётганликлари кишини таажжубга солмасдан иложи йўқ.

Айниқса, фуқаролик ишлари бўйича вилоят судининг амалдаги раиси Зоҳид Ҳамидовнинг 1998 йилдаги, 2002 йилдаги ва ниҳоят Республика ҳамда Вилоят газеталарида берилган мақолаларда ўзининг ёлғончи, қаллоблиги фактлар асосида очиб ташланганлигига қарамай, реал воқелик билан ҳисоблашмай, ҳамон ўзининг жирканч фаолиятини давом эттириб, тутуриқсиз жавоблар йўллаш билан машғул бўлаётганлиги ҳам ғоят таажжубланарлидир. Ваҳоланки, одатда меҳнат низоларини кўришдан аввал иш берувчи томон аниқланиши керак бўлади. Бу нарса аниқлангандан кейингина иш берувчи томонга ва ходимга нисбатан меҳнат низолари асосида низони кўриб, муҳокама қилиб, шундан кейингина суд қарор қабул қилиниши керак. Судья Жумаева эса ана шу оддий элементар қоидага ҳам риоя қилмаган. Ундан ташқари 1993 йил 2 сентябрда Конституциямизнинг 102, 103 моддалари асосида қабул қилинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти” тўғрисидаги Республика Қонуни амалга татбиқ этилиши билан Фарғона шаҳар судида Тошлоқ туман ҳокимлиги таркибий бўлими раҳбарини ишга тиклаш масаласини кўришлик имконияти ҳам қолмайди. Шунингдек, ВХТБнинг 1993 йил 2 июлидаги С.Каримовни бошқа ишга ўтказиш ҳақидаги буйруғи ҳам тамоман ўз кучини йўқотган бўлган.

Чунки Қонуннинг 23, 25 моддаларида Туман ҳокимлиги бўлим мудирини лавозимига тайинланиши ва озод қилиниши ваколати маҳаллий ҳоким билан Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг биргаликдаги ваколатларига кириши аниқ-тиниқ қилиб кўрсатиб қўйилган. Масалага ана шу норматив-ҳуқуқий ҳужжат нуқтаи назаридан ёндашилса, аслида судья Жумаеванинг дийдиёсидангина иборат бўлиб қолган “ҳал қилув қарори” сариқ чақага арзимайдиган кераксиз қоғознинг ўзгинаси. Устига устак, С.Каримовнинг меҳнат дафтарчасида “сохта қарор”да зўр бериб урғу берилган. ВХТБнинг 1993 йил 2 июлидаги 127-сонли буйруғи умуман ёзилмаган, балки худди шу санадаги 127- эмас, балки 158-рақамли буйруқ билан ўз хоҳишига кўра, меҳнат қонунининг 36 моддаси 5 бандига асосан, тумандаги 12-мактабга илмий бўлим мудирлиги ва ўқитувчиликка ўтказилган. Бу ҳолатда ҳеч қандай инстанция суди бунга аралашишга ҳаққи йўқ, чунки меҳнат қонунининг тегишли моддасига асосан бир лавозимдан иккинчисига ўтказилган. Суд эса, табиийки, қонунни ўзгартириш ёки тўхтатиш ваколатига эга эмас. Қонунийлик – бу, давлат ва ҳуқуқ назариясига биноан оғишмай амал қилишидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасида қонунийликнинг ҳуқуқий асослари белгиланган, булар Республика ҳудудида, Республиканинг Конституция ва Қонунларини сўзсиз тан олиш, давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва Қонунларга мувофиқ иш кўришидир. Ана шу шартлар бузилса, уларга амал қилмаса ёки турли воситалар орқали улар четлаб ўтилса, қонунийлик бузилган ҳисобланади. Қонун бузилишининг ҳажми бунда аҳамиятсиз. Гўёки, Фарғона вилояти ўлик қонунлар дафн қилинадиган улкан қабристону, З.Ҳамидов бош гўрков, Жумаева эса унга ёрдамчидек. Бирон бир қонунни тан олмай, ҳуқуқий нигилизм улар фаолиятининг асосини ташкил қилса, яъни вилоятда, на Конституция, на шу асосда қабул қилинган биронта қонун ишламаса. Инсон ҳақ-ҳуқуқлари тушунчасига мутлақо тўғри келмайдиган фаолият билан шуғулланишни давом эттираверсалар уларга яна қандай баҳо бериш мумкин?

Юқоридаги мудҳиш ҳолат ҳар иккала ҳуқуқшуноснинг ҳам ўз мансабини суиистеъмол қилиши, мансаб сохтакорлиги каби Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг бир қатор моддаларида кўзда тутилган жиноий ҳаракатларни содир қилганликлари шундоқ кўриниб турибди.
Маъруфжон Тешабоев
Фарғона вилояти