06 November 2010
03:35 - Ўзбекистонлик таниқли авторитет Ғафур Раҳимов Осиё бокс конфедерацияси президенти бўлди
Осиё бокс конфедерецияси ижроия қўмитасининг Олмаота шаҳрида ўтган мажлисида ўзбекистонлик таниқли авторитет Ғафур Раҳимов конфедерация президенти этиб сайланган. Шу пайтга қадар конфедерацияни бошқариб келган хитойлик Жанг Пианг Чанг вице-президент рутбасига туширилган. Бу ҳақда хабар қилган Регнум ахборот ширкати сайловда ўзбекистонлик авторитетнинг кичик фарқ билан ғалаба қилганини таъкидлаган.

Айни пайтда Ўзбекистон бокс федерацияси президенти ҳам бўлган Раҳимов мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатда авж олган рэкет ва бошбошдоқликлар даврида саҳнага чиққан. Бир йилдан бери Европа мамлакатларидан бирида истиқомат қилаётган авторитетнинг бошқа бир авторитет - Ўзбекистон Президентининг тўнғичи Гулнора Карим - билан бир мамлакатга сиғмай қолгани айтилади.