28 October 2010
01:55 - Тошкентда Европарламент депутатлари фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди
Кеча Интерконтинентал меҳмонхонасида Европа Прарламенти депутатларидан иборат 10 киши фуқаролик жамият вакиллари, хусусан, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси, айни пайтда, “Бирлик” Партияси Бош котиби Васила Иноят, Эксперт Ишчи Гуруҳи вакили Суҳроб Исмоил, Ҳуқуқий гуманитар марказ вакили Шамиль Асянов ҳамда ноҳукумат ташкилотлардан бирининг вакили Дилбар Зайнутдиновалар билан учрашди.

Учрашувда етакчиликни қўлга олган “Эзгулик” раҳбари Европа ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий интеграция ижобий томонга ўзгараётганидан мамнунлиги, бироқ шунга қарамай инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлигича қолаётганидан ташвишда эканини айтди. Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, мамлакатда демократик мухолифатга йўл берилмас экан, инсон ҳуқуқлари вазияти, мамлакатдаги сиёсий муҳит ва шарт-шароитлар барибир ёмонлигича қолаверади. Шу боисдан ҳам мухолифатнинг ўқ илдизи бўлган “Бирлик” Партияси рўйхатга олиниши ва демократик мухолифатга йўл берилиши керак.

Ҳозирда “Эзгулик” жамияти Адлия вазирлигида бир неча минг имзоси турган мазкур партия тарафдорларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Адлия вазирлиги била ҳуқуқий майдонда кураш олиб бориш кампаниясини бошлаб юборган. Васила Иноят фикрича, мамлакатда қийноқлар, болалар меҳнати ва сиёсий маҳбуслар тақдири долзарб бўлиб турибди. Ўзбекистон ҳукумати билан музокара қилишни истаётган ҳар бир делегация бу мавзуларни эсдан чиқармаслиги керак.