28 October 2010
00:27 - Бугун Ўзбекистон туғилган кун
1937 йилгача СССРда парламент ролини ўйнаган Бутуниттифоқ Марказий Ижроия Комитети 1924 йил 27 октябрь куни Ўзбекистон ва Туркманистон номли икки республика тузиш ҳақида қарор чиқарди. Айнан шу қарор асосида 1925 йил 3 май куни Самарқандда ўтказилган таъсис қурултойи Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси тузилгани ва у ўз ихтиёри билан СССРга кирганини эълон қилди. Бу янги давлатнинг конституциясига кўра, унинг ўз қуролли кучлари, Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирликлари бўлиши керак эди. Аммо улар ҳеч қачон яратилмаган.

Ўзбекистоннинг 1977 йилда қабул қилинган янги конституциясида ҳам Ўзбекистон мустақил давлат эканлиги ва ўз ихтиёри билан СССРга киргани айтилади. Лекин бу конституцияда Ўзбекистоннинг қуролли кучлари ва Мудофаа вазирлиги бўлиши тилга олинмаган. Ташқи ишлар вазирлиги бўлишигина айтилган.

Шу сабабли Ўзбекистоннинг мустақиллигини эълон қилувчи 1991 йил 31 август куни қабул қилинган Мустақиллик Декларацияси мантиқсиз ҳужжатдир. Чунки, бу ҳужжатда СССРдан чиқиш айтилмаган, СССР ичида эса, шундоқ ҳам мустақил эдик. 1991 йил 8 декабрь куни Беловежские Пушида СССРнинг таъсисчилари Россия, Украина ва Белорусия СССРнинг тарқалганини эълон қилдилар ва бошқалар каби Ўзбекистон ҳам мустақил бўлиб қолда. Айнан шундан кейин чет мамлакатлар Ўзбекистонни мустақил давлат сифатида тан олишга бошладилар.

Ҳозир ўзбек халқи, минг афсуски, бундай масалалар билан қизиқадиган савияда эмас. Аммо, вақти келади, ўзбекларнинг авлодлари 1 сентябрни қандай байрам сифатида нишонлаяпмиз, деган саволни ўз олдиларига қўядилар.

Совет халқи 73 йил 7 ноябрни асосий байрами сифатида нишонлаб келган, мана ҳозир бу куннинг тарихини ҳам билмайдиган авлод етишиб чиқмоқда. Ўзбекистонда ҳам 1 сентябрь байрамининг тақдири шундай бўлса ажаб эмас. Чунки, миллат бировнинг эмас, ўзининг амри билан буюк ишлар қилмагунча буюк бўлолмайди.

Хуллас, нима бўлганда ҳам, бугун Москванинг амри билан Ўзбекистон номли давлат тузиш ҳақида қарор қабул қилинган кун. Тарихий кун.