26 October 2010
04:17 - Европа Иттифоқи Белорусияга нисбатан ҳам “Бирлик” таклиф қилган йўлларни қўлламоқда
Маълумки, айнан “Бирлик” Партиясининг 2006 йилдаги баёнотлари ва партия раҳбариятининг ўша пайтдаги ЕИ ташқи ишлар бўйича бош комиссари жаноб Соланага йўллаган мактубидан кейин, ЕИ Ўзбекистонга қарши санкциялар ўрнига Ўзбекистонни халқаро структураларга тортиш йўлига афзаллик берганди. “Бирлик” ўз баёнотларида диктаторларга санкциялар йўли билан таъсир қилишга интилиш фойдасиз эканлигини Куба, Ироқ ва Шимолий Корея каби мамлакатлар мисолида тушунтириб, диктатураларни демократик структураларга интеграция қилиш - бу мамлакатларда демократик жараёнларни ривожлантириш нуқтаи назаридан самаралироқ эканлигини ифода этганди.

Ҳозир ЕИ Белорусияга нисбатан ҳам шундай йўл танлаётгани диққатга сазовордир. Бугун ЕИнинг Кенгаши Белорусияга қарши киритилган санкцияларни тўхтатиш муддатини узатиш хусусида қарор чиқарди. Қарорга кўра, санкцияларни ишлатмаслик режими 2011 йил 31 октябргача давом этади.

Эслатиб ўтамиз, Белорусияга қарши санкциялар 2006 йил 19 мартда бу мамлакатда ўтказилган нодемократик президент сайловларидан кейин киритилганди.