06 October 2010
20:50 - Ислом Тараққиёт Банки автойўлларни тузатиш учун Ўзбекистонга $167,2 млн кредит берди, ҳаром ишга қўл урди
Ўзбекистон ҳукуматининг билдиришича, Ислом Тараққиёт Банки (ИТБ) Ўзбекистонга $167,2 млн кредит берди. Бу маблағ “Бухоро-Қарши-Ғузор-Термез” (М-39) йўлининг Сурхандарё вилояти ҳудудларидаги 100 километрлик қисмини тузатиш учун ишлатилади. Жумладан, 2 тасмали йўл 4 тасмалига айлантирилади.

Кредит 20 йилга берилган бўлиб, биринчи тўрт йил, ИТБнинг “Истосно” дастури доирасида, фоизсиз бўлади. Табиий, қолган 16 йил фоиз тўланади. Аммо фоиз қанчалиги хабарларда айтилмайди.

Бундан ҳам қизиғи, номида “Ислом” сўзи ҳам бўлган ва ростдан ҳам Ислом дунёси билан ишлайдиган банкнинг фоиз олишидир. Ваҳоланки, Ислом динининг ҳозирги тушунишига кўра, фоиз ҳаромдир. Айнан шундай иккиюзламачиликлар Ислом дунёсининг ҳозирги аянчли аҳволининг сабабларидан бири бўлмоқда.

Ислом уламолари мардлик қилиб, Қуръондаги “рибо” тушунчаси замонавий банклардаги “фоиз”дан фарқли эканлигини, демак, банкчилик ҳаром эмаслигини очиқча айтишлари керак. Улар буни тан олмасалар ҳам Ислом дунёсида банкчилик системаси йўқ бўлиб кетмайди, аксинча, Ислом динидаги инқироз чуқурлашади, холос.

Банкчиликдаги “фоиз” ҳаром эмаслигини тан олиш Ислом динида қилиниши керак бўлган чуқур ислоҳотлар иерархиясининг энг паст даражасидаги элементлардан биридир. Бу иерархиянинг чўққисида – давлат диний бўла олмаслиги, у дунёвий бўлишини тан олиш туради.

Исломда шундай ислоҳотлар ўтказилгандан кейингина, ваҳобийчилик, ҳизбутаҳричилик каби радикал оқимларнинг, диний фанатизм ҳамда терроризмнинг ғоявий асослари йўқ бўлади ва улар секин-аста ўз-ўзидан битади.